ТИФ қатнашчиларидан жарима ундириш механизми ўзгаради

Жамият 880
image

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида режалаштирилаётган экспортёрлар ва импортёрлардан жарималарни ундиришнинг амалдаги тартибини ўзгартириш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

"Норма"нинг ёзишича, гап чет эллардан хорижий валютадаги тушумнинг келиб тушиши муддатларини кечиктиришга йўл қўйган экспортёрлар, товарларнинг олиб кирилишини ва уларнинг “Эркин муомалага чиқариш” режимида расмийлаштирилишини, ишлар ва хизматлар кўрсатилиши таъминланмаган импортёрларга қўлланадиган санкциялар хусусида бормоқда.

Маълумот учун, жарималар кўрсатилган мажбуриятлар белгиланган муддатдан кейин 30 банк кунидан кўпроқ муддатда (кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун - 60 банк кунида) бажарилмаганда ундирилади.

Ҳозирги кунда жарима уч босқичда ундирилади: муддатлардан 180 кун кечиктирилган ҳолларда – 10 фоиз, 180 кундан 365 кунгача - қўшимча 20 фоиз, 365 кундан ортиқ - қўшимча 70 фоиз. Бунда келиб тушмаган валюта суммаси (экспортёрларда), ўз вақтида расмийлаштирилмаган товарлар, бажарилмаган ишлар, кўрсатилмаган хизматлар қиймати (импортёрларда) ҳисобга олинади.

Амалдаги тизимни икки поғонали тизимга алмаштиришни таклиф этишмоқда: 180 кунгача – 40 фоиз, 180 кундан ортиқ - қўшимча 60 фоиз. Пировард натижада, иккала ҳолда ҳам жарималарнинг умумий миқдори 100 фоизни ташкил этади (ҳозир – 10 фоиз+20 фоиз+70 фоиз; таклиф қилинмоқда -40 фоиз+60 фоиз, таҳр.). Бироқ, ундириш механизмига тузатиш киритиш оралиқ босқичлар кесимида анча ўзгаришларга олиб келади:

•    180 кунгача кечиктирилганда – жарима 4 баравар ошади (10 фоиздан 40 фоизгача);
•    180 кундан 365 кунгача кечиктирилганда – 3,4 баравар (жами 30 фоиздан 100 фоизгача).

Шунингдек, эслатиб ўтамиз, яқинда жорий этилган қоидаларга кўра, кўрсатилган санкцияларни олдини олиш ва ҳатто ундирилган жарималарни қайтариш мумкин.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 12
Рейтинг: 3.0
t
×