Тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз учун жавобгарлик кучайтирилиши мумкин

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутат Шуҳрат Ёқубовнинг айтишича, тиббиёт тизими ходимлари Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг асосий электорати ҳисобланади. Шунинг учун уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашга доир қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг асосий устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.

"Афсуски, сўнгги вақтларда беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига нисбатан ғайриқонуний равишда тажовуз қилиниши, айрим вазиятларда ҳеч қандай айби бўлмаса-да, беморнинг ўлими ёки соғлиғи ҳолати ёмонлашишида ҳеч бир сабабсиз шифокорни айблаш ва унга тажовуз қилиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган маълумотларга кўра, биргина 2018 йил давомида 400 га яқин шундай ҳуқуқбузарлик содир этилган. Бу рақамлар ўз-ўзидан тиббиёт ҳодимларини тажовузлардан ҳуқуқий муҳофаза этиш чораларини янада кучайтириш заруратини юзага келтирмоқда.

Ўтган йилда 39 та ҳолатда юқоридаги каби салбий ҳолатлар бўйича жабрланганлар томонидан тегишли органларга мурожаат қилинган. Энг ачинарлиси, аксарият ҳолатларда тажовуз қилган шахслар жавобгарликка тортилмаган ёки муносиб жазо берилмаган. Ваҳоланки, жиноят ва маъмурий қонунчилигимизда жавобгарликнинг муқаррарлиги деган муҳим принцип мавжуд.

Масаланинг яна бир жиҳати шундаки, бугунги кунда замонавий технологияларнинг ривожланиб кетиши натижасида тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз қилиш ҳолатларини ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу ҳам, қайсидир маънода, айни ҳолатга доир салбий иллатлар урчишига сабаб бўлмоқда.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг бир гуруҳ депутатлари  томонидан тиббиёт ходимларининг ҳуқуқий муҳофазасини кучайтириш, уларга нисбатан содир этиладиган тажовузларга нисбатан юридик жавобгарликни янада кучайтириш мақсадида махсус қонун лойиҳаси тайёрланмоқда.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига янги 1984-модда киритиш таклиф этилмоқда. Модданинг номини биз — “Тиббиёт ходимининг касбий мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилиш ёки унинг ҳаёти ёхуд соғлиғига тажовуз қилиш” таҳририда белгиладик. Ушбу ном ҳуқуқбузарлик мазмунини акс эттиргани учун, унинг диспозициясини – “Тиббиёт ходимининг касбий мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик, унга фаол қаршилик кўрсатиш, уятли сўзлар билан сўкиш, ҳақорат қилиш, уриш, дўппослаш, қийнаш ёки унинг ҳаёти ёхуд соғлиғига тажовуз қилувчи ҳаракатларни содир этиш” таҳририда баён этиш орқали тажовуз ҳаракатлари кенгроқ ёритилмоқда.

Модданинг санкцияси, яъни жазо белгиланган қисми қуйидагича баён этилмоқда: “энг кам иш ҳақининг икки бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади”.

Айрим ҳуқуқшунос экспертларда “бундай қонунни қабул қилиш шартми, тиббиёт ҳодимларига тажовуз қилинса, бошқа моддалар билан жавобгарликка тортса бўлади-ку?! Масалан, хақорат учун жавобгарлик бор, тан жароҳати етказганлик учун ҳам тегишли моддаларда жавобгарлик белгиланган-ку?” қабилида саволлар туғилмоқда. Ёки жамоатчилик орасида “тажовузларга кўп ҳолатларда тиббиёт ходимларининг ўзлари сабабчи”, деган қарашлар ҳам мавжуд.

Лекин айрим вазиятларда ҳеч қандай айби бўлмаса-да, беморнинг ўлими ёки соғлиғи ҳолати ёмонлашишида ҳеч бир сабабсиз шифокорни айблаш ва унга тажовуз қилиш, унинг натижаси тиббиёт ходимларининг кенг жамоатчилик ўртасидаги обрўси пасайишига, шифокорларнинг меҳнатга муносабати ўзгариб, ўз касбидан безиб кетиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Биз қонун ижодкорлари, айниқса, тиббиёт ходимларининг ўз электорати деб белгиланган сиёсий партия вакиллари бу борада ўз сўзимизни айтишимиз зарур, деб ҳисоблаймиз.

Аксарият шифокор экспертларимиз жавобгарлик чораларининг оғирроқ ва қатъий бўлиши тарафдоридир. Улар “белгиланадиган жазо чоралари енгил бўлса, унинг аҳамияти ҳам бўлмайди”, деган фикрда.

Ўйлаймизки, бу масалани янада чуқурроқ таҳлил этишимиз, бундай салбий ҳолатлар бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериш кўрсаткичлари, тажовузкорларга белгиланган жазо чоралари ҳамда уларнинг ижро этилиши, шунингдек, мазкур ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун жавобгарлик белгиланишига оид хорижий мамлакатлар тажрибасини ҳам атрофлича ўрганиш талаб этилади.   

Бу норманинг қонунга киритилишидан кўзланган асосий мақсад фуқароларни жавобгарликка тортиш эмас, балки шундай ноқонуний ҳаракатлар учун жазо чораси борлиги эслатишдир. Энг устувор мақсад эса, салбий ҳолатларнинг профилактикасидир. Бундай чорани қонунга киритиш, уни кенг тарғиб этиш орқали қонуннинг тарбиявий аҳамияти ортади". дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутат Шуҳрат Ёқубов.


Мақола муаллифи

Теглар

Олий Мажлис Шуҳрат Ёқубов депутати

Баҳолаганлар

22

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг