Тезкор: Президент хонанда Озода Нурсаидовани кечирди

Маданият-санъат

image

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти ўлароқ иш бошлаган илк кунларданоқ норасмий тақиқ остида бўлган маданият ва санъат, адабиёт соҳаси вакилларининг бағрига шамол тегди. Йиллаб “запрет”да бўлган санъаткорларга қўйилган тақиқлар олиб ташланди. Бироқ, улар орасида биргина хонанда Озода Нурсаидовага бу бахт насиб этмаганди. Шу кунгача Озода Нурсаидова Ўзбекистонда 10 йилдан ортиқ “запрет”да қолаётган санъаткор эди. Бугун, 13 октябрь куни унга қўйилган тақиқлар ҳам олиб ташланди. 

Жорий йилнинг 10 октябрь куни хонанда Озода Нурсаидова (Саидзода) “Ўзбекконцерт” давлат муассасасига ўз ижодини кенг тарғиб қилиш ва фаолиятини қонуний тарзда юритиш мақсадида концерт-томоша фаолиятига рухсат берувчи лицензия сўраб мурожаат қилган. 

Шу муносабат билан бугун, 13 октябрь куни “Ўзбекконцерт” давлат муассасасида устоз санъаткорлар иштирокида очиқ мулоқот тарзидаги давра суҳбати ташкил этилиб, унда хонанда Озода Нурсаидованинг мурожаати муҳокама қилинган.  

Давра суҳбатида хонанданинг бундан бир неча йиллар олдин сиёсий хатога йўл қўйгани, билиб-билмай, асосланмаган маълумотларга ишониб инсон шахсиятига тегувчи ноўрин фикрлар билдиргани, бундан ташқари, мухлисларга нисбатан ҳурматсизлик қилгани, санъаткор одоби доирасидан четга чиқувчи ҳаракатлар содир этгани устозлар томонидан қаттиқ танқид қилинди. 

Шундан кейин хонанда Озода Саидзоданинг ўзи ҳам сўзга чиқиб, хатоларини тан олиб, бундан бир неча йиллар олдин билиб-билмай, асосланмаган маълумотларга ишониб, ҳиссиётларга берилиб, жамоатчилик орасида ўзининг ноўрин фикрларини оммавий ахборот воситалари орқали баён этганидан астойдил пушаймон эканлигини билдириб, шунча вақт ичида ўзига тўғри хулоса чиқаргани, имконият берилса, бундан кейинги фаолиятида миллий эстрадани ривожлантиришга, ўзининг қўшиқлари билан халққа хизмат қилишга ваъда берди. 

Сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевдан ва халқдан ҳамда барча санъаткорлардан узр сўраб, уни кечиришларини, яна бир бор унга имконият беришларини илтимос қилди. 

Давра суҳбати якунида барча устоз санъаткорларнинг фикрлари тингланганидан сўнг, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори Одилжон Абдуқаҳоров томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг санъат аҳлига бўлган ғамхўрлиги ва меҳрибонлиги ҳамда кечиримлилиги боис гарчи хонанда Озода Саидзода томонидан ўз вақтида ноўрин фикрлар билдирилганига қарамасдан, Президент томонидан бугун унинг кечирилгани ҳамда эркин ижод қилишига имконият яратилгани маълум қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1036

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг