Tesla 24 минг долларлик янги электромобили учун завод қурмоқчи
Технология
−
24 Июль 2023
8555Tesla вакиллари Ҳиндистон савдо вазири билан учрашиб, 24 минг долларлик янги автомобиль ишлаб чиқариш учун завод қуриш режаларини муҳокама қилмоқчи. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.
Tesla Ҳиндистонда маҳаллий бозор ва экспорт учун арзон электромобиллари ишлаб чиқарадиган завод қуришдан манфаатдор эканини билдирди.
Май ойида Tesla раҳбарлари Ҳиндистонга ташриф буюриб, мамлакатда автомобиллар ва аккумуляторлар ишлаб чиқариш базасини ташкил этиш бўйича расмийлар билан музокаралар ўтказган. Июнь ойида эса Илон Маск Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан учрашганда мамлакатга катта сармоя киритиш ниятида эканини айтган.
Музокаралар шу ойда ёпиқ ҳолда давом этиши режалаштирилган. Ушбу режалар доирасида Tesla вакиллари Ҳиндистон савдо вазири Пиюш Гойял билан учрашмоқчи. Ушбу учрашувда электромобиллар таъминот тармоғини ўрнатиш ва завод учун ер ажратиш масалалари кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Агар музокаралар муваффақиятли якунланса, янги завод Tesla`нинг қиймати 24 минг АҚШ долларига тенг машиналарини ишлаб чиқаришга ихтисослашади.
Эслатиб ўтамиз, Tesla тўрт йиллик кечикишдан сўнг биринчи Cybertruck автомобилини тақдим этди.
Севара Ҳусниддинова
LiveБарчаси