Терроризм, ноқонуний миграция, Россия-Украина уруши... Эрдўған ТДТда нималар ҳақида гапирди?
Жамият
−
11 Ноябрь 2022
6343Туркия туркий давлатлар билан барча соҳаларда фаол ҳамкорлик қилишга тайёр. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 11 ноябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) саммитида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, савдо, транспорт ва энергетика соҳалари ТДТ доирасидаги ўзаро ҳамкорлик учун айниқса аҳамиятлидир.
“Мамлакатларимиз стратегик муҳим йўналишлар чорраҳасида жойлашган, жумладан, энергетика соҳасида. Баку-Тбилиси-Жайҳон нефт қувури лойиҳаси глобал миқёсдаги энг муваффақиятли лойиҳалардан биридир. Биз қўшма энергетика лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратамиз”, дейди Туркия раҳбари.
Шу билан бирга, Эрдўған, Туркий инвестиция фондини яратиш лойиҳасини тез орада амалга ошириш, шунингдек, илмий соҳадаги ҳамкорликка таяниш зарурлигини қайд этди.
Туркия Президенти Жанубий Кавказдаги вазиятга тўхталар экан, Анқара қардош Озарбайжонни минтақада тинчлик ўрнатиш йўлида қўллаб-қувватлашини, Баку билан бирга [ҳудудларни босиб олиш учун] адолатли кураш олиб боришини таъкидлади.
У Россия Федерацияси ва Украина ўртасида 9 ойдан бери давом этаётган уруш мавзусига ҳам эътибор қаратди.
Унинг сўзларига кўра, Анқара адолатли тинчликка эришиш орқали жанговар ҳаракатларни тугатишга ҳаракат қилмоқда. Айни пайтда Туркия томони глобал озиқ-овқат инқирозининг олдини олиш учун тегишли чораларни кўрмоқда.
Туркия давлати раҳбари терроризм, жумладан, Фатҳуллоҳ Гулен террор ташкилоти (ФЕТО)дан келиб чиқадиган давлатлар хавфсизлигига таҳдид масаласига ҳам тўхталди.
“Биз бу жиноий ва жосуслик тармоғига қарши курашда биродарларимизга ишонамиз”, дейди Эрдўған.
Давлат раҳбари миграция инқирози мавзусига алоҳида тўхталиб, 2014 йилдан буён Туркия энг кўп муҳожирлар қабул қилинган давлат эканини таъкидлади.
“Биз буни ноқонуний миграция оқимларининг олдини олиш ва тартибга солиш масаласида муҳим халқаро ҳамкорлик деб биламиз”, дейди Эрдўған.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь