Термизда янги институт ташкил этилди
Жамият
−
03 Декабрь 2021
10783Тошкент давлат техника университети Термиз филиали негизида Термиз муҳандислик-технология институти ташкил этилди. Бу ҳақда бугун, 3 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори имзоланди.
Қарорга кўра, замонавий технологиялар бўйича чуқур билимга эга мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтнинг асосий фаолият йўналишларидан бири саналади.
Институт давлат олий таълим муассасаси ҳисобланиб, Тошкент давлат техника университети Термиз филиали талабалари таҳсил олаётган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича институтда ўқишни давом эттиради.
Шунингдек, Институт:
• халқаро рейтингда биринчи 1 000 таликка кирган хорижий ОТМнинг дастури асосида ўз таълим дастурларини шакллантиради;
• иш берувчилар талабларидан келиб чиқиб ўқув режаларидаги назарий таълим улушини қисқартириш ҳисобига амалий машғулотлар ҳажмини ошириради;
• Институт фаолияти йўналишлари бўйича маслаҳат ва эксперт-таҳлилий хизматларни самарали амалга ошириш учун илмий-тадқиқот ва инновацион хизмат кўрсатувчи корхоналарни ташкил этади.
Институтнинг илмий салоҳиятини ошириш мақсадида 2022/2023 ўқув йилидан етакчи ОТМда тегишли магистратура мутахассисликлари ва 2023 йилдан таянч докторантурада кадрларни мақсадли тайёрлаш чоралари кўрилади.
LiveБарчаси