Термизда сохта диплом расмийлаштираётган коллеж директорининг муовини ушланди
Жамият
−
11 Июнь 2020
6375Термиз банк коллежи директори ўринбосари Музработ ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежини битирганлик тўғрисида сохта диплом расмийлаштириб беришга уринган пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қўлга олинган. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабар берди.
Вазирликнинг таъкидлашича, 2019-2020 ўқув йили касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига дипломларни топшириш устидан назоратни кучайтириш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг тегишли буйруғи қабул қилинган.
Буйруқ билан, Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари ҳамда касб-ҳунар коллежларида диплом бланка (илова)ларини қабул қилиш, ҳисобга олиш, сақлаш, топшириш ва улардан тўғри фойдаланиш бўйича жавобгар шахслар белгиланган.
Шунингдек, касб-ҳунар коллежларининг 2019-2020 ўқув йили битирувчиларини ўқишга қабул қилинганлиги, 2- ва 3-босқичга ўтганликлари тўғрисидаги буйруқлари асосида битирувчиларнинг маълумотлар базаси яратилган.
"Мазкур маълумотлар базасига тегишли муддатда касб-ҳунар коллежида таълим олмаган ўқувчиларни киритишнинг имкони йўқ!", дейилган вазирлик хабарида.
Жорий йилда шахсга тегишли дипломнинг хақиқийлиги ушбу маълумотлар базаси ёрдамида текширилади.
Касб-ҳунар коллежларида Якуний Давлат аттестация имтиҳонларини муваффақиятли топширган битирувчиларга амалдаги қонун хужжатлари асосида давлат намунасидаги диплом расмийлаштирилади.
“Шундай экан, ҳамюртлармиздан жиноий ишларга аралашиб қолмасликни ва таълим олмаган касб-ҳунар коллежларидан сохта диплом олиб бераман деган шахсларга ишониб қолмасликни сўраймиз”, дейилади вазирлик хабарида.
LiveБарчаси