Терма жамоадаги фаолиятимни якунлашга тайёр эдим – Роналду
Спорт
−
23 Март 2023
3009Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду терманинг янги бош мураббийи Роберто Мартинесдан олган таассуротлари ва термадаги бўлажак фаолиятига оид фикрлари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда COPE нашри хабар берди.
“Ростини айтаман, терма жамоадаги фаолиятимни якунлашга тайёр эдим. Мен ва оилам бу ҳақда ўйлаб кўрдик, лекин кейин тушундикки, қийинчиликларга қарамай, таслим бўлмаслик керак. Мен вазиятга турли томонлардан қарадим. Кўп нарсани ўргандим ва қайтиб келганимдан хурсандман. Жамоада ҳозир яхши кайфият ҳукмрон. Бизни олдинда яхши натижалар кутмоқда. Машғулотлардаги интенсивлик жуда яхши, Мартинес бошқача услубга эга мураббий. Ишончим комилки, биз Европа чемпионати саралашидан муваффақиятли ўтамиз ва Португалия янада ҳужумкорроқ ўйин кўрсатадиган жамоа бўлади”, дейди Роналду.
Футболчи янги мураббийнинг услуби ва терма жамоадаги келажаги ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
“Мартинес қўл остидаги машғулотлар жуда динамик руҳда кечди, танаффуслар унча кўп бўлмади. Мен терма жамоада ўйнашни яхши кўраман ва жамоам мени қимматли футболчи сифатида кўрар экан, ҳар доим бор кучимни сарфлашга тайёрман. Бу менинг уйим ва бу ерда ўзимни жуда яхши ҳис қиламан. Ҳозир яхши формадаман ва ўйнашга тайёрман”, дея қўшимча қилди футболчи.
FIFA кунларида Португалия терма жамоаси Евро-2024 саралаши доирасида Лихтеншейн ва Люксембург термаларига қарши баҳс олиб боради. Мартинес шогирдларининг Лихтеншейнга қарши ўйини эртага, 24 март куни бўлиб ўтади.
LiveБарчаси