Теннис: Новак Жокович 52 йиллик рекордни такрорлай олмади. Медведев – US Open ғолиби

Спорт 1097
image

Дунёнинг иккинчи рақамли ракетка устаси Даниил Медведев US Open ғолибига айланди. Бугун, 13 сентябрь куни бўлиб ўтган финал учрашувида россиялик теннисчи дунёнинг биринчи рақамли ракетка устаси Новак Жоковични 6:4, 6:4, 6:4 ҳисобида мағлуб этди. Бутун турнир давомида Медведев рақибларига атиги битта сетда имкониятни бой берди. 

Учрашув 2 соат 17 дақиқа давом этди. Ўйин давомида Даниил 16 та эйсни амалга оширди ва 9 марта қўш хатога йўл қўйди. Жокович ҳисобида эса 6 та эйс, 3 та қўш хато мавжуд.

Бу Медведев учун “Катта дубулға” турнирларидаги биринчи титул ҳисобланади. Россиялик теннисчи илгари икки марта финалга чиққан, лекин ҳар иккисида ҳам мағлуб бўлган. Эътиборлиси, жорий йилда у Австралия очиқ чемпионатининг финал учрашувида айнан Жоковичга ютқизиб қўйганди.

Шу тариқа, Новак Жокович бир мавсумда “Катта Дубулға” туркумига кирувчи тўртта мусобақада ғалаба қозониш имкониятини қўлдан бой берди. Сербиялик теннисчи Австралия очиқ чемпионати, Ролан Гаррос ва Уимблдон мусобақаларида ғалаба қозонган эди. Агар Новак Жокович финалда ғалаба қозонганида, афсонавий Род Лэйвернинг 1969 йилги натижасини такрорлаган бўлар эди. Унинг “Улкан тож”лардаги чемпионлик титули 20 талигича қолди ва Рожер Федерер ҳамда Рафаэль Надалдан ўзиб кетолмади.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 20
Рейтинг: 3
t
×