Йил бошидан бери ўтказилган тендер савдоларининг ярмидан кўпида рақобатга зид ҳаракатлар аниқланди
Жамият
−
19 Июль
29442024 йилнинг январь-июнь ойлари давомида давлат буюртмачилари томонидан товар, иш, хизмат ва қурилиш соҳаларида ўтказилган бошланғич қиймати 6,065 трлн сўмлик бўлган 9 322 та танлов (тендер) савдолари юзасидан олиб борган таҳлиллар натижасида 5 153 та (55,2 %) савдо жараёнида 6 611 та рақобатга зид ҳаракатлар аниқланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълум қилди.
Билдирилишича, мазкур муддатда қуйидагича рақобатга зид ҳаракатлар аниқланган.
- товар моддий бойликлар хариди бўйича буюртмачилар томонидан амалга оширилган 7670 та танлов (тендер) савдоларида 5287 та;
- қурилиш соҳаси бўйича 194 та танлов (тендер) савдоларида 125 та;
- иш, хизматлар бўйича буюртмачиларнинг амалга оширган 1500 га яқин танлов (тендер) савдоларида 1199 та.
Қайд этилишича, қўмита томонидан жами 5153 та харидларда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган бўлиб, шундан 3 423 таси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ваколат доирасида чоралар кўриш бўйича тақдим этилган. 157 та харидлардаги қонунбузилишлар буюртмачилар томонидан ихтиёрий бартараф этилган.
Шунингдек, 1 573 та харидлар юзасидан 562 та иш қўзғатилиб, тегишли чоралар кўрилган. Давлат харидларида қонунбузилишларга йўл қўйган 535 та мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган.
Ўтган давр мобайнида Қўмитага мазкур соҳада юридик ва жисмоний шахслардан жами 317 та мурожаат ва аризалар келиб тушган.
Шундан 293 та мурожаат Қўмита томонидан ўрганилган, 24 таси ваколат доирасида кўриб чиқиш учун тегишли ташкилотларга йўналтирилган.
Қўмитага келиб тушган мурожаатлар ўрганилганда, Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилганлиги аниқланди.
Масалан, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБнинг 2024 йил 7 февралда бошланғич қиймати 7 млрд 800 млн сўмлик ахборотлаштириш қурилмаларини етказиб бериш бўйича танлов савдоси эълон қилинган. Мазкур танлов савдосида қонунчилик талаблари бузилган деб топилиб, Қўмитанинг тегишли қарор ва кўрсатмаси берилган.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг ҳудудий филиаллари жумладан, Тошкент шаҳар ҳудудий филиали 2024 йил 7 февралда эълон қилган бошланғич қиймати 6 млрд 400 млн сўмлик “Трансформаторларни таъмирлаш хизматлари” учун ҳамда Жиззах вилояти ҳудудий филиали томонидан эса бошланғич қиймати 1 млрд 575 млн сўмлик ўтказилган танлов савдоларида ҳам қонунчилик талаблари бузилган деб топилган ва буюртмачига танлов савдолари натижасини бекор қилиниши бўйича Рақобат қўмитасининг тегишли кўрсатмаси берилган.
Шунингдек, Фтизиатрия ва пульмонология тиббий реабилитация марказининг 2024 йил 6 февралда эълон қилинган “Шифохонада даволанаётган беморларга тайёрланадиган парҳез таомларни тайёрлаш учун аутсорсинг хизмати” соҳасида 1 млрд сўмдан ортиқ тендер савдоларида қонунбузилиш аниқланган ва уни бекор қилиш бўйича ҳам Қўмитанинг тегишли кўрсатмаси берилган.
Билдирилишича, Рақобат қўмитаси томонидан давлат харидларида рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар содир этилишининг олдини олишга қаратилган тизимли ишлар давом эттирилмоқда.
LiveБарчаси