Telegram 1 апрелдан Россияда тўлиқ блокланади

Олам

image

Telegram жорий йил 1 апрелдан Россияда тўлиқ блокланади. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, РБК ва “The Bell” хабар берди. 

РБКнинг Кремлга яқин манбалари блоклаш бўйича қарор якуний эканини билдирган. “The Bell”нинг “катта тўртлик” мобил операторларидан биридаги манбаси эса уларга 1 апрелдан Telegram’ни блоклаш бўйича “дастлабки қарор” ҳақида маълум қилинганини айтган.

“Бир ярим ой ичида нимадир ўзгариши мумкин, чунки ҳокимиятда бу масала бўйича турли фикрлар бор. Аммо ҳозирча маълумот шундай – 1 апрелдан тўлиқ блоклаш бўлади”, дея қўшимча қилган у.

“The Bell”нинг яна бир манбаси операторлар аллақачон блокировкага тўсқинлик қилмаслик талаби ёзилган хатни олганини маълум қилган. Журналистлар таъкидлашича, худди шундай талаб операторларга YouTube секинлаштирилиши бошланишидан олдин ҳам юборилган.

“Baza” маълумотига кўра, блоклаш “Россиянинг бутун ҳудудида” амал қилади. РБК мақоласида айтилишича, апрелга бориб Telegram фақат фронт ҳудудида ишлайди. Россия ҳарбийлари мессенжер орқали жанговар ҳаракатлар зонасида мувофиқлаштириш олиб боради, гарчи Кремль буни тан олмаса ҳам Федерал хавфсизлик хизмати эса маълумотлар Украина махсус хизматлари томонидан қўлга олиниши хавфи ҳақида огоҳлантирган.

Telegram қандай сценарий асосида блокланиши ҳозирча аниқ эмас. РБК манбалари қарорни “сўнгги пайтларда одамларни, жумладан, вояга етмаганларни ҳам ноқонуний ҳаракатларга жалб қилиш ҳолатлари кўпайгани” билан изоҳлаган.  

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Telegram асосчиси Павел Дуровга нисбатан терроризмга кўмаклашиш иши (Жиноят кодексининг 205.1-моддаси 1.1-қисми) бўйича текширув олиб борилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Бу ҳақдаги хабарларни ҳукуматга яқин “Российская Газета“ ва “Комсомольская Правда” бир вақтда эълон қилган. Улар мессенжер жиноятлар содир этишда фойдаланилаётганини ёзган. Дуров Россияда унга нисбатан терроризм моддаси бўйича иш қўзғатилганини тасдиқлаб, буни ҳукуматнинг Telegram’ни блоклаш учун баҳона топишга уриниши билан боғлаган.

“Baza”га кўра, Роскомнадзор Instagram ва Facebook’даги каби “мессенжернинг тўлиқ блокировкаси”ни бошлайди. Бу ижтимоий тармоқлар Meta компаниясига тегишли бўлиб, Россияда “экстремистик” деб тан олинган. “The Bell” қайд этишича, “экстремистик” сценарий фойдаланувчилар учун энг ёмон вариант бўлади, чунки у, жумладан, Россияда монетизацияни ҳам истисно қилади.

Роскомнадзор эса “илгари эълон қилинган маълумотларга қўшимча қиладиган ҳеч нарса йўқлигини” билдирган. Аввалроқ, идора Telegram Россия қонунларига риоя қилмагунча унга нисбатан чекловлар қўлланилишини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Telegram

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг