Тель-Авивда Нетаньяху ҳукуматига қарши йирик намойишлар бўлиб ўтмоқда

Олам

image

Исроилда Бош вазир Биньямин Нетаньяху бошчилигидаги янги ҳукумат сиёсатига қарши оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда “Jerusalem Post” хабар берди.

Асосий йирик намойиш Тель-Авив шаҳри марказидаги Ҳабима майдонида ўтказилмоқда. Нашр маълумотларига кўра, полиция иштирокчилар сонини тахминан 80 минг киши деб ҳисобламоқда.

“Ёмғирли об-ҳавога қарамай, майдон ва унга туташ кўчалар гавжум. Шу сабабли полиция митинг ўтказиладиган жойга яқинлашишни тўсиб, митингда қатнашмоқчи бўлган янги одамларни киритмасликка мажбур бўлди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, кичик миқёсдаги акциялар мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам ўтказилмоқда.

“Jerusalem Post” хабарига кўра, Қуддусда намойишлар Исроил Президенти Ицхак Герцог қароргоҳи яқинида ҳам бўлиб ўтган. Митингга 1,5 мингга яқин одам тўпланган.

Маълумот учун, жорий йилнинг январь ойи бошидан бери мамлакатда Бош вазир Биньямин Нетаньяху ҳукуматига қарши намойишлар тез-тез бўлиб ўтмоқда. Тель-Авив марказида 7 январь куни бошланган биринчи оммавий митингда 10 минг иштирокчи йиғилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 1 ноябрь куни бўлиб ўтган сайловда собиқ Бош вазир Биньямин Нетаньяхунинг “Ликуд” партияси 120 ўринли парламентда 32 та ўринни эгаллаган ҳолда, биринчиликни қўлга киритди. Шундан сўнг Қуддусда Исроилнинг Нетаньяху бошчилигидаги янги ҳукумати қасамёд қилди. Бир ярим йилдан сўнг бош вазирлик лавозимига қайтган Нетаньяху Вазирлар Маҳкамасининг 33 аъзосини оммага таништирди.

Бу Исроил тарихидаги энг ўнг қанот ҳукумати бўлиб, биринчи марта унинг таркибига ўнг қанот экстремистлар ва жиноий жавобгарликка эга одамлар кирди.


Мақола муаллифи

Теглар

намойиш Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг