ТДТ Фатво ҳайъати Рамазон ойи қачон бошланишини белгилади
Олам
−
18:36 7467 1 дақиқа
Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)га аъзо давлатлар Мусулмон диний идоралари раҳбарлари кенгаши ҳузуридаги Фатво ҳайъати жорий йилда Рамазон ойи 19 февраль куни бошланишини белгилади. Бу ҳақда жорий йилнинг 3 февраль куни ташкилот сайтида хабар берилди.
Қайд этилишича, Самарқанд шаҳрида ўтказилган йиғилишда 2026 йил учун Рамазон ойи ва Рамазон ҳайити саналари белгиланган. Ҳайъат қарорига кўра, жорий йилда Рамазон ойининг биринчи куни 19 февраль кунига тўғри келади, Рамазон ҳайити эса 20 март, жума куни нишонланади.
Билдирилишича, Рамазон ойининг бошланиши ва Рамазон ҳайити саналарининг биргаликда белгиланиши Туркий давлатларнинг мусулмон жамоалари ўртасида бирликни мустаҳкамлаш ҳамда диний амалиётларни замонавий илмий ҳисоб-китоблар билан уйғун ҳолда сақлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди.
“Шу муносабат билан раҳмат, мағфират ва баракот ойи бўлган муборак Рамазон бутун ислом оламига ҳамда бутун инсониятга тинчлик, осойишталик ва фаровонлик олиб келишини тилаймиз”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Туркий давлатлар ташкилотига Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон аъзо. Туркманистон, Венгрия, (тан олинмаган) Шимолий Кипр Турк Республикаси ташкилотда кузатувчи мақомини олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон Дин ишлари бўйича қўмитаси дастлабки ҳисоб-китобларга таяниб, 2026 йилда мамлакатда Рамазон ойи 18 февраль куни бошланиши ҳақида хабар берган эди.
Live
Барчаси