“...тайёр бўлишимиз керак”. Тўқаев халқини рус депутатининг ер бўйича иддаосига қарши туришга чақирди

Олам

image

Маълумки, шу кунларда Қозоғистон ерларига собиқ мустамлакачи Россия томонидан иддаолар илгари сурилмоқда. Ушбу масала ўтган йилнинг декабрь ойи бошларида, Россия Федерацияси Давлат Думасининг Таълим ва фан бўйича қўмитаси раиси Вячеслав Никонов “Биринчи” телеканалига берган интервьюсида “Қозоғистон ҳудуди Россия (ва СССР) нинг ажойиб совғаси”, деганидан кейин бошланди. 

Айни вақтда мазкур масала Қозоғистон сиёсий элитасининг диққат марказида турибди. Мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев “Егемен Казахстан” газетаси эълон қилган “Мустақиллик – энг қадрли неъмат” номли мақоласида Қозоғистон ерларига нисбатан бўлаётган қўл узатишларга ҳар қандай йўл билан қарши туриш кераклигини урғулади. 

Президент мамлакат ерлари чет элликларга ҳеч қандай тарзда сотилмаслигини айтди. 

У Қозоғистон ерлари аждодлар халққа қолдирган энг буюк мерос ва қадрият эканини таъкидларкан, шундай зади:

“Аждодларимиздан мерос қолган муқаддас замин – бизнинг асосий бойлигимиздир. Қозоқларга бундай улкан ҳудудни ҳеч ким ташқаридан бермаган. Бугунги тарих 1991 ёки 1936 йилларда ўлчанмайди. Бизнинг халқимиз Қозоқ хонлиги, Олтин Ўрда, Турк хоқонлиги, хун ва саклар даврида яшаб ўсган. Хулоса қилиб айтганда, миллий тарихимизнинг чуқур илдизлари қадим замонларда ётади  Умуман олганда, тарихни сиёсатчилар эмас, тарихчилар ўрганишлари керак”,  дейди Президент. 

Тўқаевнинг таъкидлашича, “мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини шубҳа остига қўядиган ва яхши қўшничилик муносабатларини танқид қиладиган баъзи бир чет эл фуқароларининг провокацион ҳаракатларига расмий ва оммавий равишда қарши туриш керак”. Шунингдек, Президент улар билан мулоқотда ҳам айрим чекловлар ўрнатиш кераклигини айтади. 

Президент мустақил Қозоғистоннинг ҳудудий яхлитлигини бутун дунё ҳамжамияти тан олганлигини ва бу масалада ҳеч ким баҳслаша олмаслигини таъкидлайди. 

“Биз миллий манфаатларни ҳар қандай усул билан ҳимоя қилишга тайёр бўлишимиз керак”, деб қўшимча қилди Тўқаев.

Маълумот ўрнида, “Ягона Россия” партияси аъзоси, Россия Давлат Думаси депутати Вячеслав Никонов телевидениедаги “Катта ўйин” дастурида “Қозоғистон ҳудуди Россия ва Совет Иттифоқининг ажойиб совғаси”, деб айтган эди. 

Эслатиб ўтамиз, "Ягона Россия" партиясининг яна бир аъзоси, Давлат Думаси депутати Евгений Фёдоров Никоновнинг позициясига қўшилди ва бундан ташқари, Қозоғистон ўз ҳудудларини Россияга бериши кераклигини айтди. 

Кейинчалик Никонов Қозоғистон Республикаси чегараларига айланган Қозоғистон ССР чегараларини белгилашда Қозоғистон манфаатлари тўлиқ ҳурмат қилинишини тушунтирди. 

Қозоғистонда рус сиёсатчиларининг баёнотлари салбий қабул қилинди. Баъзи бир рус сиёсатчиларининг Қозоғистонга қарши тез-тез провокацион ҳужумлари давлатлар ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларига жиддий зарар етказаётгани қайд этилди. 

Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди баъзи россиялик депутатларнинг баёнотлари Россиянинг расмий позициясига тўғри келмаслигини таъкидлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Қосим-Жомарт Тўқаев

Баҳолаганлар

526

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг