“Тавсия ва ишонч”. Швеция нега ўз ҳудудида карантин эълон қилмаяпти?

Олам

image

Швецияда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ деярли 4 500 ҳолат рўйхатга олинган. Бироқ ҳукумат мамлакатда ҳамон карантин режимини жорий этмади. Расмий Стокгольм коронавирусга қарши курашда нега айнан шу йўлни танлади? Бу ҳақда Карлстад университети профессори Финн Нильсон ўз фикрларини билдириб ўтди.

Швециядаги коронавирус тарқалишини назорат қилиш бўйича чора-тадбирлар ҳозирда Европада энг юмшоғи ҳисобланади. Болалар боғчалари, мактаблар, ресторанлар ва спорт заллари ҳали ҳам очиқ. Фақат жамоат жойларида одамларнинг тўпланиши 50 нафардан ошмаслиги керак. Университет ва лицейлар масофавий таълимга ўтди. Ходимларни масофавий ишга ўтказиш, ОРВИнинг ҳар қандай аломатларида уйда қолиш ва кекса ёшдаги қариндошларни зиёрат қилмаслик — буларнинг барчаси тавсиявий характерга эга кўрсатмалардир.

"Швециядаги ушбу чора-тадбирлар қўшни мамлакатлар билан солиштирганда, албатта, ноёб кўринади. Ҳозирги кунда ҳукумат томонидан қўлланилаётган "тавсия ва ишонч" усули давлатимиз ва бир-биримизга бўлган юксак ишончимизга асосланади. Бошқа сўз билан айтганда, ҳар бир фуқаро мамлакат учун энг яхшисини ўзи танлайди.  Биз ҳозир эпидемиянинг дастлабки босқичидамиз ва бу усулнинг самарадорлиги ҳақида гапиришга ҳали жуда эрта", дейди Нильсон.

Дания ва Норвегия икки ҳафта олдин чегара ва жамоат жойлари ёпилишини эълон қилганидан сўнг, шведлар ўз ҳукуматидан ҳам худди шундай ҳаракатни кутган эди. Стокгольм кўчалари бўшаб қолди. Аммо мамлакатда карантин эълон қилинмагач, шаҳарга аста-секин ҳаёт кира бошлади.

“Ягона шахс учун COVID-19 хавфи жуда паст. Унинг оқибатлари бутун жамият миқёсида жуда сезилади. Шунинг учун тавсияларга амал қилишга рағбат у қадар кучли эмас. Аммо ўлим даражаси бошқа Скандинавия мамлакатларига нисбатан жуда тез ўсиб бормоқда. Бу эса мени хавотирга солади”, деди мутахассис.

Сўнгги маълумотларга кўра, Швецияда коронавирусга 5 568 нафар одам чалинди. 103 бемор шифо топган бўлса, 308 киши вафот этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Швеция

Баҳолаганлар

230

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг