“Тасвирий санъат ва чизмачилик” ўрнига “Санъат” фани ўтилиши мумкин
Жамият
−
28 Март
9982Ўзбекистондаги ижод мактабларида “Тасвирий санъат ва чизмачилик” фани ўрнига “Санъат” фанини киритиш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда бугун, 28 март куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган мактаб таълимини ривожлантириш ва сифатини оширишга оид режалар тақдимотида маълум қилинди.
“Санъат” фанида фақат расм чизиш эмас, балки рангтасвир, ҳунармандчилик, кинематография, ҳайкалтарошлик ва дизайнга оид кўникмалар ўргатилади.
Олий ўқув юртларида бу бўйича маслаҳатчи тизимини Маданият вазирлиги билан боғлаб, мақом, бахшичилик, театр меросларини ёшларга етказиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, йирик корхоналар ва кластерлар қошида ансамбллар тузилиб, маҳаллаларда концертлар, мактабларда маданият кунлари ташкил этилиши белгиланди.
Бундан ташқари, юқори малакали педагоглар имкониятларидан кенг фойдаланиш мақсадида Президент таълим муассасалари агентлиги ҳузурида жамоатчилик асосида “Фан кенгашлари” тузилади. Бу кенгашлар таълим дастурларини ишлаб чиқиш, баҳолаш тизимини такомиллаштириш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини оширишга жалб қилинади.
Шу билан бирга, келгуси ўқув йилидан 14 та мактабда фанларни инглиз тилида ўқитишни йўлга қўйиш, 2025-2026 йилларда 8 та янги ихтисослашган мактаб қуриш режалари ҳам баён этилди.
Шунингдек, давлат якуний аттестациясида, яъни мактабни битириш имтиҳонларида ўқувчиларнинг билимини ягона назорат материаллари асосида баҳолаш таклиф этилмоқда. Имтиҳон топшириқлари ёзма ва амалий шаклга ўтказилади, жавобларни махсус платформа орқали текшириш амалиёти йўлга қўйилади, саволлар доимий равишда янгиланиб борилади.
Яна бир муҳим янгилик – мактабни битириш имтиҳонларида олий таълим муассасасига кириш синовларига мос фанни танлаш имконияти яратилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь