Ташиев журналистлар саволларини жавобсиз қолдирмоқда
Олам
−
18 Июнь 4267 4 дақиқа
Бишкек шаҳрининг Биринчи май туман судида собиқ мансабдор Қамчибек Ташиевга оид иш бўйича навбатдаги суд жараёнида Ташиев журналистларнинг саволларини жавобсиз қолдирди ҳамда суд журналистларга жараёндан жонли трансляция қилишни чеклаб қўйди. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.
Маълум қилинишича, 15 июнь куни собиқ давлат қўмитаси раҳбари суд биносига келганида журналистлар унга бир қатор саволлар билан мурожаат қилган. Бироқ Ташиев ОАВ вакилларининг ҳеч бир саволига жавоб бермаган.
Аввалроқ, журналистларга суд залига киришга рухсат берилганди. Қайд этилишича, илтимосномаларни кўриб чиқиш якунлари бўйича судья фото ва видеотасвирга олишга рухсат берган, аммо онлайн трансляцияни тақиқлаган. Шу билан бирга, судья, прокурор ва суд котибини тасвирга олишни ҳам чеклаб қўйган.
Манбага кўра, “75 лар хати” деб номланган иш бўйича суд муҳокамаси очиқ тарзда ўтказилиши ҳақида аввалроқ қарор қабул қилинган. Шунингдек, иш материалларидан махфийлик грифи олиб ташланган.
Маълумот учун, жиноят иши “75 лар хати” номи билан танилган сиёсатчилар ва жамоат арбоблари мурожаати билан боғлиқ. Тергов талқинига кўра, ушбу мурожаатда ҳокимиятни ўзгартиришга чақириқ аломатлари мавжуд бўлган.
Иш фигурантлари орасида Қамчибек Ташиевдан ташқари собиқ бош прокурор Қурманқул Зулушев, Жогорку Кенешнинг собиқ спикери Нурланбек Турғунбек уғли ҳамда мамлакатнинг яна бир қатор собиқ сиёсатчилари бор. Уларга нисбатан ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллашга тайёргарлик кўриш ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш айбловлари қўйилган.
Ташиев истеъфоси
Жорий йилнинг 10 февраль куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси – Бош вазир ўринбосари Қамчибек Ташиев Президент Садир Жапаровнинг фармони билан лавозимидан озод этилди. У ўз қарорини “жамиятда бўлинишга йўл қўймаслик” истаги билан изоҳлади. Қамчибек Ташиевнинг ўзи бу ҳақда Германияда юрак операциясидан сўнг режали текширувда бўлганида хабар топганини маълум қилди.
Ташиев ортидан унинг биринчи ўринбосари Қурбонбек Авазов, киберхавфсизлик маркази директори Даниэль Рисалиев ва Антитеррор маркази директори Элизар Сманов ишдан олинди. Абдукарим Алимбоев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, Давлат чегара хизмати раиси этиб тайинланди. Унинг ўрнини Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида ишлаб келаётган Рустам Мамасадиқов эгаллади.
2020 йилдан буён Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 9-хизмати бошлиғи ва раис ўринбосари лавозимида ишлаб келган Жумгалбек Шабданбеков Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.
Шунингдек, шу куннинг ўзида Чегара хизмати давлат қўмитаси таркибидан чиқарилди.
Жапаров ва Ташиев тандеми
Маълумот учун, Қамчибек Ташиев 2020 йил 16 октябрь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси этиб тайинланган эди. Фармонни 2020 йил 5–6 октябрь воқеаларидан сўнг президент вазифасини бажарувчи сифатида Садир Жапаров имзолаган.
Қамчибек Ташиев ва амалдаги Президент Садир Жапаров ўртасидаги кўп йиллик муносабатлар мамлакатдаги энг барқарор ва таъсирли сиёсий иттифоқлардан бири сифатида баҳоланиб келган. Уларнинг ҳамкорлиги ҳокимият тепасига келишидан анча олдин бошланган: 2010 йиллар бошида улар бир неча бор сиёсий жараёнларда бир томонда бўлган, 2012 йилдаги умумий жиноий эпизодни ҳам бирга бошдан кечирган, бу эса уларнинг шахсий яқинлигини янада мустаҳкамлаган.
2020 йил октябрь воқеаларидан сўнг тандем якуний шаклга келди: Садир Жапаров Президент лавозимини эгаллади, Қамчибек Ташиев эса МХҚ раҳбари этиб тайинланиб, куч блокининг асосий таянчига айланди. Айнан у энг шов-шувли ишларни назорат қилган, куч сиёсатини шакллантирган ва амалда Президент жамоасининг энг яқин ишончли шахсларидан бири бўлиб келган.
Экспертлар орасида уларнинг иттифоқи кўпинча мамлакатдаги энг мустаҳкам сиёсий дуэт деб аталарди, Қамчибек Ташиев атрофидаги ҳар қандай кадр ўзгаришлари эса ҳокимият конфигурациясидаги жиддий ўзгаришлар белгиси сифатида қабул қилинар эди.
Сўнгги пайтларда сиёсий доираларда махсус хизмат раҳбарининг бўлажак Президент сайловларида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Қамчибек Ташиев эса бир неча бор президентлик пойгасида қатнашмоқчи эмаслигини ва Садир Жапаровни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Live
БарчасиАҚШ ва Эрон меморандум имзолади
18 Июнь