Таровиҳ намози ўқиладиган масжидларга навбатчи энергетиклар бириктирилди
Жамият
−
17:35 1332 2 дақиқа
Ўзбекистонда Рамазон ойида таровиҳ намози ўқиладиган масжидларга навбатчи энергетиклар бириктирилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, вазирликда истеъмолчиларни энергия ресурслари билан узлуксиз ва барқарор таъминлаш чора-тадбирларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтган. Унда Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Бош прокурор ўринбосари Салом Самадов, “Ўзенергоинспекция” ҳамда ёқилғи-энергетика соҳасидаги барча акциядорлик жамиятлари раҳбарлари иштирок этган.
Йиғилишда, хусусан, муборак Рамазон ойига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди ва қуйидаги чора-тадбирлар белгиланган:
Ёқилғи-энергетика объектларидаги асосий ва ёрдамчи қурилмаларнинг ишончли фаолиятини таъминлаш, аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларга энергия ресурсларини узлуксиз етказиб бериш бўйича зарур чоралар кўрилган.
Икки мингдан ортиқ жомеъ масжидларда электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш мақсадида тақсимлаш тармоқлари тўлиқ кўрикдан ўтказилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилган.
Таровиҳ намозлари ўқиладиган масжидларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш учун ҳар бир масжидга бир нафардан навбатчи энергетик ходим бириктирилган. Бундан ташқари, зарур ҳолатларда дизель генераторларини ўрнатиш чоралари кўрилади.
Шунингдек, мазкур масжидларда 2547 нафар муҳандис-техник ходимдан иборат навбатчилик ташкил этилган. 210 та тезкор авариявий чиқиш бригадаси шакллантирилиб, уларга 250 та автомобиль ва махсус техника бириктирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рамазон ойи муносабати билан Ўзбекистондаги 1 762 та масжидда “Хатми Қуръон” тадбирлари ўтказилиши ҳақида хабар берилган эди.