Тармоқларда Баҳодир Жалоловнинг фикри нотўғри талқинланмоқда (видео)
Спорт
−
07 Август
86148Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик профессионал боксчи Баҳодир Жалоловнинг Парижда спортчиларга Ўзбекистон ҳукумати томонидан яхши шароит яратиб берилгани ва овқатланиш борасида ҳеч қандай муаммо йўқлиги ҳақида гапирган видеолари тарқалди.
Видеода Баҳодир Жалолов Париждаги шароитлардан нолиган ўзбек спортчиларини нонкўр деб атади.
Гап шундаки, 5 август куни футбол бўйича Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе Париждаги шароитларни танқид қилиб, бир қатор ёрдамчилари ва жамоа менежери Олимпия шаҳарчасига киритилмагани, жамоа жойлашган бинода ташкилотчилар айби билан кондиционерлар ишламагани, сувсиз қолгани, машғулотлар ва массаж жараёнлари кўнгилдагидек ўтмаганини айтди.
Ижтимоий тармоқларда эса, Жалоловнинг гаплари худдики Кападзега “тош отгандай” қилиб талқин қилинмоқда.
Маълум бўлишича, Кападзе ва унинг шогирдлари футбол баҳслари эртароқ бошлангани учун Парижга биринчилардан борган. Ўзбекистон делегациясига махсус овқатлар эса бироз вақт ўтгач етказилган.
Бу борада Баҳодир Жалолов QALAMPIR.UZ'га ижтимоий тармоқларда фикрлари нотўғри талқин қилинганини билдирди.
“Билдирган фикрларимни нотўғри талқин қилишди. Гапларим Кападзе ва унинг шогирдларига қаратилмаганди. Кападзе Париждаги ташкилотчиликни танқид қилгани кўриниб турибди. Мен эса бизда овқат масаласида муаммо бўлмаганини айтмоқчи эдим холос”, дейди Жалолов.
Маълумот учун, Баҳодир Жалолов Париж Олимпиадасидаги ярим финал жангини Тошкент вақти билан 8 августга ўтар кечаси ўтказади. Ғалаба Жалоловни кетма-кет иккинчи марта Олимпиада финалчисига айлантиради.