2021 йилда Танзила Норбоева Марказий Осиё етакчи аёлларига бошчилик қилади

Жамият 2678
image

2021 йилда Марказий Осиёнинг етакчи аёллари мулоқотига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева раислик қилади. Бу ҳақда бугун,23 декабрь куни минтақа давлатлари етакчи аёлларининг мулоқотини ташкил этиш бўйича ўтказилган видеоконференцалоқа шаклидаги илк учрашувда айтиб ўтилди.

Тадбирда Марказий Осиёнинг бешта мамлакати вакиллари, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ҳамда БМТТДнинг Европа ва МДҲ мамлакатлари бўйича минтақавий бюроси раҳбарлари қатнашди. Ўзбекистон номидан Танзила Норбоева иштирок этди.

Учрашувда Марказий Осиёда давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашда хотин-қизларнинг ўрни, уларнинг давлат ва жамоат ишларидаги иштироки, ўзгаришларни рўёбга чиқариш ва ислоҳотларни амалга оширишга кўмаклашиш, шу жумладан, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама этилди.

Тадбир давомида томонлар “Марказий Осиё давлатлари етакчи аёллари билан мулоқот” норасмий механизмининг фаолияти минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни сақлаш, мамлакатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланиш эришиш, давлат ва жамият бошқаруви, тадбиркорлик тизимида аёлларнинг имкониятларини кенгайтиришга, қолаверса, хотин-қизлар, ёшлар ва болаларнинг ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган лойиҳалар ва дастурларни амалга оширишни жадаллаштириш ҳамда гендер тенгликни таъминлашга кўмаклашиши таъкидланди.

БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Н. Герман қайд этганидек, марказ муҳокамалар учун платформа яратишда, кейинги ишларда, шу жумладан, минтақавий ва глобал ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришда, тажриба алмашишда ёрдам беришга тайёр.

БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбарининг таклифига биноан 2021 йилда Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқотига раислик қилиш Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоевага топширилди.

Учрашув давомида томонлар ишнинг биринчи йилидаги ҳамкорлик соҳалари ва норасмий тузилманинг устувор йўналишлари бўйича таклифларни ҳам кўриб чиқди.

Қайд этилишича, Марказий Осиё етакчи аёлларининг норасмий мулоқоти фаолиятини таъминлаш бўйича комплекс ташкилий масалаларни ҳал қилиш ва мазмунли ишларни амалга ошириш режалаштирилган.

“Асосий мақсад – ўзаро тажриба алмашиш, ижобий иш тажрибасини ўзлаштириш ва уларни ўз мамлакатларида қўллашдир.

Минтақа давлатлари ўртасида ҳамкорликнинг мазкур янги формати мамлакатларимизда хотин-қизлар ролини кучайтиришга қаратилган қарорларни биргаликда ишлаб чиқишда самарали механизм бўлади”, дейилади Сенат хабарида.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 20
Рейтинг: 3.1
t
×