Танишини мих тиқиб ўлдирган шахсни видеога олган йигит қамалди

3-саҳифа

image
0:00
0:00
download

Аввалроқ Самарқанд вилояти Ургут туманида бир эркак ваҳшийларча бир инсонга бир неча маротаба мих тиқиб ўлдиргани ҳақида хабар берилганди. Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ушбу ҳолатни видеога олиб, тарқатган шахс қамоққа олинганини маълум қилди.

Маълум қилинишича, шов-шувларга сабаб бўлган ушбу видео юзасидан ИИБ ходимлари текширув ишларини олиб борган. Ваҳшийлик акс этган ушбу видеолавҳани ургутлик Ш.С. тарқатгани маълум бўлган. Қайд этилишича, фуқаро Ш.С. билан бу каби зўравонлик ва шафқатсизлик акс этган лавҳаларни тарқатмаслик юзасидан тушунтириш ишларини олиб бориш учун борган ИИБ ходимларига фаол қаршилик кўрсатган.

“Фуқаро Ш.С.га тегишли тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, профилактик тушунтириш ишлари олиб борилди. Жиноят ишлари бўйича Ургут туман суди томонидан Ш.С.га нисбатан 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси барча ОАВ ходимлари, блогерлар ва фуқароларнинг ахборотни олиш, ундан фойдаланиш ва тарқатиш ҳуқуқлари мавжудлигини эслатиб ўтади. Фақатгина бундай ҳаракатлар қонун доирасида амалга оширилиши лозим”, дейилади ИИБ хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда 189-1 ва Жиноят кодексида 130-1-моддаларида зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш учун жавобгарлик белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунининг 6-моддасига кўра, оммавий ахборот воситаларидан зўравонлик ғояларини тарғиб қилиш мақсадида фойдаланилишига йўл қўйилмайди. “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 15-моддасида давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлигини таъминлашнинг йўлларидан бири сифатида зўравонликни, шафқатсизликни тарғиб қилувчи ғояларни ўз ичига олган ахборот тарқатилишига қарши ҳаракатлар қилиш экани мустаҳкамланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқанд

Баҳолаганлар

442

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг