Таниқли олим вафоти муносабати билан Шавкат Мирзиёев таъзия билдирди
Жамият
−
24 Март 2020
15546Жорий йилнинг 20 март куни физик-кимё ва яримўтказгичлар физикаси соҳасидаги таниқли олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Саидов Мухтор Сафарбаевич 89 ёшида вафот этди. Олимнинг вафоти муносабати билан Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги давлат раҳбарияти таъзия билдирди.
Маълумот учун, Мухтор Саидов 1930 йилнинг 21 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикасининг Манғит шаҳрида туғилган. 1951 йилда Хоразм давлат педагогика институтини тугатиб, 1951-1954 йилларда Москва давлат университети аспирантурасида таҳсил олган. 1954 йилда номзодлик, 1970 йилда докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган. 1984 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланган.
Мухтор Саидов ўз меҳнат фаолиятини 1954 йили Хоразм давлат педагогика институтида катта ўқитувчи сифатида бошлади. Кейинчалик Самарқанд давлат университетида кафедра мудири лавозимида ишлади. Меҳнат фаолияти давомида Фанлар академияси Физика-техника институтида катта илмий ходим, лаборатория мудири, директор ўринбосари, Электроника институтининг директори, Ўзбекистон Фанлар академияси президиуми Физика-математика бўлимининг академик-котиби, “Ўзгелиотехника” маркази раҳбари каби масъул вазифаларда самарали хизмат қилди.
Олимнинг яримўтказгичлар технологияси соҳасининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган кўплаб мақолалари, китоб ва монографиялари Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар илмий жамоатчилигига яхши маълум. Унинг бир қатор илмий ишланмалари мамлакат иқтисодиёти тармоқларида муваффақиятли қўлланиб келмоқда.
Олим “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” фахрий унвони, Ўзбекистон Республикаси давлат мукофоти билан тақдирланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь