Тан олинмаган ШКТР президенти Ўзбекистонга келди
Олам
−
09 Ноябрь 2023
19917Туркиядан ўзга ҳеч бир мамлакат томонидан тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикаси (ШКТР) президенти Эрсин Татар бугун, 9 ноябрь куни пойтахт Тошкентда бўлиб ўтадиган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммитида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келди.
Гап шундаки, Эрсин Татарнинг ушбу саммитда иштирок этиши ва Тошкентга келаётгани ҳақида расмий манбалар томонидан хабар берилмаган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан ИҲТ саммити ўтказилишига доир хабарда ҳам ШКТРдан вакил иштирок этиши ҳақида сўз бормаган.
Шуни алоҳида қайд этиш ўринлики, жорий йилнинг 2-3 ноябрь кунлари Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида ўтказилган Туркий Давлатлар Ташкилотининг Х саммитида иштирок этган Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ўз анъанасига содиқ қолиб, саммитдаги нутқида, Шимолий Кипр Турк Республикасини дастаклаб, унинг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига ҳам кузатувчи бўлиб қўшилишини ТДТнинг бошқа лидерлари қўллаб-қувватлашини сўраган эди.
“Оила кенгашимиз ўтган йили Самарқанддаги саммитимизда Шимолий Кипр Турк Республикасига бир овоздан кузатувчи аъзо мақоми бериб, тарихий қарор қабул қилди. Ушбу қарорни қабул қилишда қўллаб-қувватлаганингиз учун сизга яна бир бор миннатдорлик билдирмоқчиман”, деган Эрдўған саммитдаги нутқида.
Унинг қайд этишича, туркий дунё бу қарор билан яккаланиб қолган бўлса-да, ватанидан воз кечмаган Кипр туркларининг ёлғиз эмаслигини барчага кўрсатган.
Эрдўған сўзида давом этиб, Шимолий Кипр Турк Республикасини “Буюк Туркий оиланинг ажралмас бир қисми” деб атади.
“Буюк Туркий оиланинг ажралмас бир қисми бўлган Кипр турклари билан бирдамликда ҳаракат қилиш бизнинг фарзимиздир. Кейинги саммитимизда Шимолий Кипр Турк Республикасини ҳам қарор қилганимиздек кузатувчи аъзо сифатида орамизда кўришимизга ишонаман. Мен бу борадаги зукко раҳбарлигингизга ишонаман", дейди Эрдўған.
Туркий Давлатлар Ташкилотининг Х саммити якунлари бўйича давлат раҳбарлари томонидан имзоланган декларацияда туркий дунёнинг ажралмас қисми бўлган Шимолий Кипр Турк Республикасининг Туркий давлатлар парламент ассамблеяси ва Туркий савдо-саноат палаталари иттифоқида кузатувчи мақоми ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотида кузатувчи мақомига эга бўлиши қайд этилган.
Гап шундаки, Кипр оролнинг Грецияга қўшилиши тарафдорлари томонидан амалга оширилган давлат тўнтариши натижасида 1974 йилда Туркия қуролли босқинидан бери этник жиҳатдан иккига бўлинган. Ҳарбий ҳаракатлар натижасида Кипр ҳудудининг тахминан 37 фоизи Туркия назорати остида бўлиб, Шимолий Кипр – 1983 йилда ташкил топган ва жаҳон ҳамжамиятида фақат Анқара томонидан тан олинган. Туркия Шимолий Кипрда 40 минг кишилик ҳарбий контингентини сақлаб турибди. Оролнинг жанубий қисми асосан Кипр юнонлари яшайдиган Кипр Республикаси назорати остида қолди.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған эса қаерга борса, ўша ерга Шимолий Кипр Турк Республикасининг Президенти Эрсин Татарни етаклаб боришга, жуда бўлмаганда нутқида Шимолий Кипр Турк Республикасини эслатиб кетишга уринади. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Самарқандда ўтган Туркий Давлатлар Ташкилоти саммитидаги нутқида ҳам Эрдўған, Шимолий Кипр Турк Республикаси Туркий Давлатлар Ташкилотига кузатувчи мақомида қабул қилинганини айтди. Бунга ҳеч ким эътироз билдирмади, Самарқанд декларациясида ҳам бу ўз ифодасини топди. Қолаверса, ташкилотнинг Истанбулдаги бош штаб-квартирасига бошқа аъзо ва кузатувчи давлатларнинг байроқлари қатори тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикасининг байроғи ҳам ўрнатилди. Янаям ажабланарлиси Шимолий Кипр Турк Республикасининг Президенти Эрсин Татар ташкилотнинг жорий йил 16 март куни Анқарада бўлиб ўтган навбатдан ташқари саммитида бошқа президентлар билан бир стол атрофида ўтирди.
Энг қизиғи, Туркиядан бошқа ҳеч бир давлат парламенти Шимолий Кипр Турк Республикасини тан олмаган ва уни Туркий Давлатлар Ташкилоти кузатувчиси сифатида эътироф этмайди. Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан тарқатилган сўнгги хабарга эътибор қаратсак. Ўзбекистон раҳбарининг Остонада ўтадиган Туркий Давлатлар Ташкилоти саммитида иштирок этишини тасдиқловчи расмий ахборот сўнгида Шимолий Кипр Турк Республикаси ташкилотда кузатувчи давлат мақомига эга экани айтилмаган.
“Ташкилотга Ўзбекистон Республикаси, Озарбайжон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси ва Туркия Республикаси аъзо, Венгрия ва Туркманистон ташкилотда кузатувчилардир”, деб ёзилган ахборотда.
Демакки, Ўзбекистон Самарқанд декларациясида акс этгани, байроғи штаб-квартирага илинганига қарамай, Шимолий Кипрни бу ташкилот ичида кўрмайди. Ва бу фақатгина Ўзбекистонга хос эмас, бошқа давлатларда ҳам шундай вазият.
LiveБарчаси