Талаба ётоқхонада дунёга келтирган фарзандини ўлдирди
Олам
−
11:18 10904 2 дақиқа
Қозоғистоннинг Павлодар шаҳрида талаба қиз ётоқхонада дунёга келтирган фарзандини ўлдирди. Бу ҳақда “Tengrinews” хабар берди.
Қайд этилишича, у икки йилдан ортиқ вақт давомида бир йигит билан яқин муносабатда бўлган. Бироқ, йигит қизнинг ҳомиладорлигини билгач, болани тан олмаган.
Суд материалларига кўра, қиз бутун ҳомиладорлик даврида ўз ҳолатини ота-онаси ва атрофдагилардан яширган. 2025 йил октябрь ойида у талабалар ётоқхонасининг ҳаммомида туғруққа тўлиқ етилган қиз фарзандини дунёга келтирган.
Туғруқдан сўнг у руҳий босим ҳолатида бўлиб, боланинг йиғиси туғруқни фош этишидан қўрқиб, чақалоқни сочиққа ўраб, нафас йўлларини тўсиб қўйган. Оқибатда бола ҳалок бўлган.
Қиз ўзининг кўрсатмасида ёлғиз фарзанд тарбиялашга тайёр эмаслигини ва қариндошларининг танқидидан қўрққанини билдирган ва судда айбини тўлиқ тан олган.
Аниқланишича, қизнинг онаси воқеа ҳақида гуруҳ сардоридан эшитганини айтган. Сардор ётоқхонага келганда, қизни оғир аҳволда кўриб, тез ёрдам чақирган. Чақалоқ жасади эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан олиб кетилган.
Мазкур иш қисқартирилган тартибда кўриб чиқилган ва Жиноят кодексининг 100-моддаси “она томонидан янги туғилган болани туғруқдан кейинги даврда, руҳий оғир ҳолатда ўлдириш” деб баҳоланган. Оғирлаштирувчи ҳолатлар аниқланмаган, енгиллаштирувчи омиллар сифатида айбни тан олиши, пушаймонлиги, илгари судланмагани ва ёшлиги ҳисобга олинган.
Суд қизни айбдор деб топиб, унга 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлаган. Шунингдек, яшаш жойини рухсатсиз ўзгартирмаслик ва кўнгилочар жойларга бормаслик талаби қўйилган.
Бундан ташқари, у жазо муддати давомида кунига 4 соатдан ошмаган ҳолда 100 соатдан мажбурий жамоат ишларида ишлаши керак бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳар Олмазор туманида 3 ёшли болани энагасининг турмуш ўртоғи уриб ўлдирганди.
Live
Барчаси