Табрик, тошқин ва пандемия... Мирзиёев Тўқаев билан телефонда мулоқот қилди

Жамият 2800
image

Бугун, 8 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари яқинлашиб келаётган байрам – фашизм устидан қозонилган Ғалаба куни муносабати билан бир-бирларини табриклаб, икки мамлакат фахрийлари ва биродар халқларига тинчлик, сиҳат-саломатлик ва фаровонлик тиладилар.

Чегараолди ҳудудларда Сардоба сув омборидаги фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш мақсадида яқин ҳамкорликни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Жабр кўрган туманларда аҳолига манзилли ёрдам кўрсатиш ва инфратузилмани тиклаш бўйича навбатдаги қадамлар келишиб олинди.

Президентлар коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ жорий эпидемиологик вазиятни ҳам кўриб чиқдилар. Пандемияга қарши кураш, аҳоли ва бизнес учун чекловларни босқичма-босқич юмшатиш борасида икки мамлакатда кўрилаётган чоралар қўллаб-қувватланди.

Мулоқот чоғида савдо-иқтисодий соҳада эришилган келишувларни тез фурсатларда амалга ошириш, жумладан, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, қайта ишлаш саноати, транспорт ва логистика, бошқа тармоқларда истиқболли лойиҳаларни тайёрлаш ва илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари халқаро аҳамиятга молик қатор масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Суҳбат якунида кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шерикликка асосланган кенг кўламли Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлигини кенгайтиришга интилиш қатъий экани таъкидланди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 64
Рейтинг: 2.8
t
×