Совуқда “қалтираётган” мактаб: Учтепа ҳокимлиги мақолага муносабат билдирди

Жамият

image
Мақоладан сўнг: Учтепадаги мактаб кўчирилиши нега чўзилди? north_east

Мақоладан сўнг: Учтепадаги мактаб кўчирилиши нега чўзилди?

Бундан икки кун аввал, Тошкент шаҳар Учтепа туманида жойлашган 297-умумий ўрта таълим мактабида куз-қиш мавсуми бошлангандан буён иситиш тизими умумн ишламагани, ўқитувчи ва ўқувчилар синфхоналарда уст кийимда ўтиргани, кўплаб болалар совуқ туфайли дарс жараёнларида қатнашмаётгани ҳақида хабар берган эдик. Кеча, 4 декабрь куни туман туман халқ таълими бўлими мудири Ўткир Қурбонов мақола эълон қилингач, мактаб вақтинча Иқтисодиёт ва сервис коллежи биносига кўчиралаётганини маълум қилди. 

Ушбу танқидий мақола юзасидан Учтепа туман ҳокимлиги ўз муносабатини билдирди. 

Маълум бўлишича, Учтепа тумани Халқ таълими бўлими томонидан мазкур ҳолат атрофлича ўрганилган. 297-сонли умумтаълим мактаби 1990 йилда қурилган, 1100 ўқувчига мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунда 1141 нафар ўқувчиларга 74 нафар ўқитувчилар таълим-тарбия бериб келишмоқда.

2019 йилда маҳаллий бюджет ҳисобидан иссиқлик тизими, хожатхона ва канализация тизимини таъмирлаш учун 240 млн сўм ажратилган, шундан ҳожатхоналар ва канализация тизимини таъмирлаш учун 40 млн сўм маблағ сарфланган. Иссиқлик тизимини таъмирлаш учун 200 млн сўм маблағ ажратилган ва 167 млн сўм ишлатилган.

Халқ таълими вазирлиги томонидан мактабнинг ҳолати тўлиқ ўрганиб чиқилиб, ўқувчи-ёшларнинг сифатли таълим тарбия олишлари ва халқаро талаблар асосида замонавий илм-фан ютуқларини эгаллашлари учун 2019 йилда капитал таъмирлаш бўйича таклифлар берилган. Мазкур таклиф асосида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 августидаги “Тошкент шаҳри умумтаълим мактаблари фаолиятини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 679-сонли Қарорига мувофиқ мактабда капитал таъмирлаш ишлари олиб борилиши белгиланган.

Мактаб ўқувчилари ҳудудда жойлашган Тошкент иқтисодиёт ва сервис коллежида 2019 йилнинг 4 декабрдан бошлаб ўқишларини давом эттириши белгиланган.

Мактабда капитал таъмирлаш ишлари олиб бориш учун Халқ таълими вазирлиги томонидан тендер савдолари ўтказилиб, “Электр монтаж порлоқ” МЧЖ тендер ғолиби деб топилган. Жорий йилнинг 2 декабрь кунидан бошлаб мактабда қурилиш таъмирлаш ишлари бошланди.

“Учтепа тумани Халқ таълими бўлими бу борадаги ташкилий масалаларни ўз назоратига олади ва бажарилган ишлар юзасидан қўшимча маълумот берилади”, дея айтиб ўтилган Учтепа туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб Учтепа

Баҳолаганлар

76

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг