Сув захирамиз ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,5 млрд куб метрга кам – вазир (видео)
Жамият
−
17 Декабрь 2763 2 дақиқа
Ўзбекистоннинг сув захираси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,5 млрд куб метрга кам. Бу ҳақда жорий йилнинг 11 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев маълум қилди.
Унинг айтишича, жорий йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун 40 млрд куб метрдан ортиқроқ сув етказиб берилган. Йил бошида сувомборларда сув захираси яратилганлиги, каналларни бетонлаштириш ва сув тежовчи технологиялар қамровини кенгайтириш ҳисобига суғориш мавсумида муайян натижаларга эришилган.
Бироқ бугунги кун ҳолатида трансчегаравий сувомборлар билан қўшиб ҳисоблаганда сув захираси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,5 млрд куб метрга кам. Ички сувомборларда эса 2,7 млрд куб метр кам сув йиғилган. Ушбу мураккаб вазиятни инобатга олган ҳолда, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги йилларда сув хўжалиги тизимини тубдан ислоҳ қилиш учун мавжуд сув захираларидан тежамкорлик билан фойдаланишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, соҳани модернизация қилиш учун охирги 5 йилда 60 трлн сўм бюджет маблағлари ҳамда 622 млн доллар хорижий инвестициялар йўналтириган. Шу билан бирга, Президент ташаббуси билан сув соҳасидаги долзарб муаммоларни ҳал этиш бўйича минтақавий ва халқаро даражада ҳам муҳим таклиф ва ташаббуслар илгари сурилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий Осиё сув танқислиги чегарасига кескин яқинлашаётгани, минтақанинг йирик шаҳарларини бу чегара ортида бугун Эрон пойтахти Теҳронда кузатилаётганга ўхшаш инқироз кутиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси