Сурхондарёдан ўрта палеолит даврига оид янги ёдгорлик топилди
Жамият
−
29 Декабрь 2021
4357Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида ўрта палеолит даврига оид ёдгорлик аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси маълум қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Миллий археология маркази ходимлари т.ф.д., профессор Р.Сулейманов бошчилигида Шеробод туманида археологик дала тадқиқотлари олиб борилган.
“Дала тадқиқотлари натижасида Кўҳитанг тоғ тизмаси ҳудудидан палеолит даврига оид ёдгорлик аниқланган. Кўҳитанг тоғининг ички қисмида кўплаб тор даралар мавжуд бўлиб, уларда геологик жараёнлар натижасида кўплаб ғор ва унгурлар шаклланган. Уларнинг биридан қадимги даврда ибтидоий одам аждодлари мавсумий бошпана сифатида фойдаланган”, дейилади хабарда.
Дастлабки кузатувлар натижасида ёдгорлик ер сатҳидан кўплаб тош узаклар, уларнинг парчалари, учринди ва пластиналар ҳамда қуроллар йиғиб олинган. Ёдгорлик маданий қатламлари ҳолатини аниқлаштириш учун 1х2 метр ҳажмида шурф қазилган. Қазув ишлари ер сатҳидан 0,5 метр чуқурликда қоятош ётғизиқларида тўхтатилган. Қазув ишлари натижасида ёдгорлик битта маданий қатламдан иборат эканлиги аниқланган. Маданий қатлам кул ва куйинди қолдиқлари билан қопланган қорамтир, майда тарқоқ тупроқдан таркиб топган бўлиб, унда ҳам кўплаб тош буюмлар ва ёввойи ҳайвон суяк қолдиқлари топилган.
“Ушбу ёдгорлик ҳудудда илгари топиб ўрганилган Тешик-тош ёдгорлигига хронологик ва маданий жиҳатдан ўхшашлиги билан аҳамиятлидир. Ёдгорликдан топилган тош буюмлар ўрта палеолит даврига тегишли бўлиб, тошга ишлов бериш техникаси ва тош буюмлар маданий жиҳатдан айнан Тешик-тош ёдгорлиги анаъаналарини такрорлайди”, дея таъкидланган Фанлар академияси хабарида.
Таъкидланишича, ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Миллий археология маркази ходимлари мазкур ёдгорликда тадқиқот ишларини давом эттиришни режалаштирмоқда.
LiveБарчаси