Сурхондарёда сув таъминоти бўйича мегалойиҳа амалга оширилди
Жамият
−
26 Февраль 974 3 дақиқа
Бугун, 26 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳрида “Тўпаланг” сув омбори сувидан фойдаланиш ҳисобига Сурхондарё вилоятида ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича 287 миллион долларлик лойиҳанинг амалий натижалари билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, кейинги йилларда мамлакатда сув хўжалиги тизимини ислоҳ қилиш, ирригация инфратузилмасини янгилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Сурхондарё вилоятида амалга оширилаётган ушбу 287 миллион долларлик мегалойиҳа ҳам соҳада эришилаётган натижалардан бири саналади.
Мазкур ташаббус доирасида ўтган йиллар давомида катта ҳажмдаги қурилиш, монтаж ишлари амалга оширилди. Замонавий механизмларнинг йўлга қўйилиши натижасида бугун минералларга бой ичимлик суви вилоятнинг ўнта тумани ва Термиз шаҳрига узлуксиз етказиб бериляпти.
Сурхондарёда марказлашган ичимлик суви билан қамров саккиз-тўққиз йил олдин 47 фоиз эди. Бугун ушбу рақам 67,5 фоизгача ошишига эришилган. Натижада аҳолининг сув таъминотидаги ҳолати нафақат миқдор, балки сифат жиҳатдан ҳам сезиларли яхшиланган.
Президент бу каби йирик энергетик, технологик ва ижтимоий самарадор лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳар жиҳатдан зарурлигини таъкидлаган. Бундай тажрибаларни келгусида мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам қўллаш мумкинлигига эътибор қаратган.
Техник жиҳатдан лойиҳанинг катта ютуғи 246 километр магистрал ва ички тармоқнинг барпо этилиши бўлган. Муҳими, гидравлик ҳисоблар асосида босимни насоссиз узатиш имконияти яратилган. Бу нафақат энергия сарфини кескин камайтирди, балки тизимнинг барқарорлигини таъминлайди. Айнан шу инновацион ёндашув туфайли Термиз шаҳри, Ангор, Бандихон, Қизириқ, Шеробод ва Музработ каби туман марказларига сув электр энергия сарфисиз етказиб бериляпти.
Мазкур ташаббус ортидан бугунги кунда 223 та маҳаллада обиҳаёт таъминоти мустаҳкамланган. Сувнинг қаттиқлик даражаси эса икки бараваргача камайтирилган. Сифатнинг ортиши аҳоли саломатлиги ва маиший жиҳозлар хизмат муддати узайишида муҳим омил ҳисобланади.
“Шимолий” сув ишлаб чиқариш иншоотида ташкил этилган Геоахборот маркази эса тизимнинг реал вақтда назорат қилинишига шароит яратган. Босим пастлаши, авария ҳолатлари, сув йўқотиш каби масалаларни бир неча дақиқада аниқлаш имконияти туғилган.
Сув таъминоти яхшилангани сабабли ҳудудлардаги юздан ортиқ ерости сув қудуқларидан фойдаланишга эҳтиёж қолмаган. Бу экологик юкни камайтиради.
Шунингдек, лойиҳа натижасида йилига 18,4 миллион киловатт-соат электр энергияси тежаб қолинади. Бу маблағ ва ресурс жиҳатидан 18,5 миллиард сўм иқтисод қилинишини англатади. Истеъмолчиларнинг биллинг тизимига уланиши эса сувни ҳисоблашда шаффофликни оширди, қарздорликни камайтирган.
Яна бир муҳим жиҳати, бу ердаги 10 гектар майдонда 6418 киловатт-соат қувватдаги қуёш панеллари ўрнатилган.
Давлат раҳбари шу ерда вилоятнинг гидроэнергия кўрсаткичлари ҳамда соҳада амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар тақдимоти билан танишган. Вилоятда ҳали ечилмаган сув таъминоти масалаларини тезкор ҳал этиш бўйича вазифаларни белгилаб берган. Хусусан, эски насос агрегатларини энергия тежамкор технологияларга алмаштириш, тармоқларни модернизация қилиш юзасидан кўрсатмалар берилган.
Live
Барчаси