Сурхондарёда иситиш мавсуми 1 ноябрдан бошланади
Жамият
−
31 Октябрь
1338Сурхондарё вилоятида иситиш мавсуми эртага, 1 ноябрдан бошланади. Бу ҳақда жорий йилнинг 29 октябрь куни вилоят ҳокими Улуғбек Қосимовнинг тегишли фармойиши имзоланди.
Фармойишга кўра, Термиз шаҳри ва туманлар ҳокимликлари, ижтимоий соҳа ташкилотлари ва коммунал хўжалик корхоналарига 31 октябрдан бошлаб кеча-ю кундуз ишлайдиган штаблар ташкил этиш топширилган.
Вилоятдаги газ ва электр таъминоти корхоналарига қозонхоналар, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига табиий газ ва электр энергиясини узлуксиз етказиб бериш бўйича топшириқлар берилган. Табиий газ билан қамраб олинмаган аҳоли пунктлари суюлтирилган газ билан таъминланиши кераклиги қайд этилган. Термиз шаҳри ва вилоят туманларининг авария-тиклаш хизматлари зарур техника ва ускуналарни тайёрлаб бериши керак.
Шунингдек, Олий таълим, Мактабгача ва мактаб таълими, Соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳамда аҳолига кўмир етказиб бериш ишлари 1 декабрга қадар якунланиши кераклиги белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда 10 ноябрдан Тошкент шаҳрида иссиқлик тизими ёқилиши ҳақида хабар тарқалганди. “Veolia Energy Tashkent” ташкилоти ходими эса буни рад этиб, айни пайтда ташкилот Тошкент шаҳрида иссиқлик тизимини ёқиш учун Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорини кутаётганини маълум қилганди. Унинг қўшимча қилишича, Тошкент шаҳрида иссиқлик тизимининг ёқилиши ҳар йил ҳар хил санада амалга оширилади ва бу ҳаво ҳароратига боғлиқ.
LiveБарчаси