Сурхондарёда даҳшатли ЙТҲ: 3 киши ҳалок бўлди (видео)

3-саҳифа

image

Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида  Nexia-3 автомобили юқори тезликда ҳаракатланиб, бетон тўсиққа урилиши оқибатида ёниб кетди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.

 

Хабарда айтилишича, аянчли ЙТҲ кеча, 27 март куни соат 15:40 ларда Сурхондарё вилояти, Сариосиё тумани "Нилу" маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4Р-107 автомобиль йўлининг 21-километрида юз берган. 1983 йилда туғилган, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган фуқаро (аёл киши) Nexia-3 да "Сангардак-Денов" йўналишида ҳаракатланиб, тезликни меъёридан ошириши оқибатида тик нишабликда бошқарувни йўқотган ва йўлдан чиқиб кетган. Оқибатда транспорт воситаси бетон тўсиққа бориб урилган. Йўл-транспорт ҳодисаси ортидан автомобилда ёнғин юзага келган.

Мазкур ЙТҲ ҳамда ёнғин оқибатида автомобиль ҳайдовчиси ва унинг икки нафар вояга етмаган фарзандлари воқеа жойида вафот этган. Шунингдек, автомобилда бўлган ҳайдовчининг яна бир нафар фарзанди ҳамда яқин қариндоши (автомобиль эгаси) оғир тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.

“Барча фуқаролардан ҳайдовчилик гувоҳномасига ёки етарлича малакага эга бўлмай туриб автомобиль бошқармасликни сўраймиз”, дейилади ахборот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 26 март куни Наманган вилоятининг Уйчи туманида ҳам Nexia ва Spark тўқнашиб, бутунлай ёниб кетганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ЙТҲ Сурхондарёда

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг