Сурхондарёда “бозори гуркираган” жиноий гуруҳ аъзолари ушланди
Жамият
−
27 Октябрь 2022
14919Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят божхона ва ички ишлар бошқармалари билан ҳамкорликда “Афғонистон-Тожикистон-Ўзбекистон” йўналишида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси билан шуғулланувчи трансчегаравий жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Дастлаб Сариосиё туманида ўтказилган тезкор тадбирда Шўрчи ва Узун туманларида яшовчи 3 нафар фуқаро кетаётган Lacetti русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, муқаддам 2 нафари судланган ушбу шахслар ёнида 670 гр “гашиш” моддаси борлиги маълум бўлди.
Шунингдек, ушбу ажал оғуси Сариосиё туманида истиқомат қилувчи, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахсдан 2800 АҚШ долларига сотиб олинганлиги маълум бўлиб, унинг ҳам “бизнесига” чек қўйилди.
Тезкор тадбирнинг иккинчи босқичида эса Бойсун туманидаги “Дарбанд” ЙПХ масканида Узун туманида яшовчи 3 нафар шахс кетаётган Nexia 2 русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада, автомашина салонида 9 кг 410 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида тожикистонлик наркокуръерлар томонидан Узун тумани ҳудудига киритилган мазкур гиёҳвандлик воситаси аслида Самақанд вилоятида кутиб турган харидорларга етказилиши кераклиги маълум бўлди.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, Нуробод туманида ушбу наркотик модданинг маълум бир қисмини қабул қилиб олган вақтда Самарқанд ва Андижон шаҳарларида яшовчи 3 нафар "оғу вакиллари" ҳам ушланди.
Шунингдек, Денов туманида истиқомат қилувчи, юраги “отнинг калласидай” фуқаронинг яшаш хонадонида 964 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, у ҳам ўрнатилган тартибда расмийлаштириб олинди.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида жами 11 нафар шахснинг “бозори” касодга учраб, умумий миқдорда улардан 11 кг 44 гр “гашиш” моддаси мусодара қилинди.
Ҳозирда мазкур фуқароларга нисбатан Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича Бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қувончбек Ғайбуллаев
LiveБарчаси