Сурхондарёда афғон қочқинлари учун лагер қуриляптими? Ҳокимлик жавоб берди

Жамият 36153
image

Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегара вилояти — Сурхондарёда афғон қочқинлари учун чодирли лагерлар қурилмаяпти. Термиз шаҳрида эса вазият барқарор. Бу ҳақда ҳокимнинг ўринбосари Меҳринисо Кенжаева РИА Новостига маълум қилди.

“Шаҳарда вазият тинч, ҳокимиятдаги барчамиз режалаштирилган ишлар билан бандмиз, Афғонистондаги ҳодисалар билан боғлиқ бирон бир шошилинч йиғилиш ўтказмаяпмиз”, дейди Кенжаева.

Унинг сўзларига кўра, бугун, 30 июль куни вилоят ҳокимининг йиғилиши ўтказилмоқда, аммо мажлис кун тартибига фақат ички масалалар киритилган.

“Бундай қурилиш ҳақида ҳеч нарса эшитмадим, бундай нарса йўқ”, дея қўшимча қилди Кенжаева.

Таъкидлаш керакки, “Толибон”нинг кучайиши фонида Ўзбекистон қўшни Афғонистондан келган қочқинларга ўз эшикларини очиш мажбуриятида қолмайдими, деган савол билан QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов Туркия ташқи сиёсат институти директори, академик, профессор, сиёсий фанлар доктори Ҳусайин Бағчига юзланганди. Сиёсатшунос эса ушбу саволга қуйидагича жавоб қайтарган:

“Ажойиб савол. Чегараларни бир томонлама назорат қилиш имконсиз. Икки томонлама назорат қилиниши лозим. Масалан, Ўзбекистон қочқинларни қабул қилишни истамаса, чорасини кўради. Худди биз Туркияда Сурияли қочқинларни қабул қилишни истамаганимиз каби. Бошқа томондан эса, ҳокимиятга келишни истаган “Толибон” ўз аҳолисини ҳимоя қилиши керак. Агар “Толибон” ўз аҳолисининг бошқа ерларга кетишига изн берса, у ҳолда ҳокимият заифлашади. Инсонлар ўз ерларида қолишлари ва Ҳукумат билан бирга ишлашлари керак. 

Ҳозир жараён давом этмоқда. Қоча олганлар қочиб кетишяпти. Бу эса “Толибон”лар режимининг фуқаролар томонидан қабул қилинмаганини англатади. Биз бунинг намунасини Европадаги ҳукумат тўнтаришларида кўрдик. Совет Иттифоқи репрессияларига гувоҳмиз. Одамлар ўз заминларида қолдилар. Бошқа юртларга кетмадилар. Аммо Афғонистон масаласи умуман бошқа бир масала”, дейди Ҳусайин Бағчи.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 июлидан 10 августигача Россия ва Ўзбекистон Термиз полигонларида қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказади. Амалий ҳаракатлар давомида ҳарбий хизматчилар Марказий Осиё минтақаси давлатларининг ҳудудий яхлитлигини таъминлаш бўйича жанговар тайёргарлик вазифаларини бажаради.

Маълумот учун, АҚШ Тожикистон, Қозоғистон ва Ўзбекистондан америкаликларга ёрдам берган 9 минг афғонистонликка вақтинча бошпана беришни сўраганди. Марказий Осиё давлатларидан садо чиқмади шекилли, расмий Вашингтон АҚШга ёрдам берган 35 минг афғонистонлик ва уларнинг оила аъзоларини Кувайт ва Қатардаги икки ҳарбий базасига жойлаштирадиган бўлди

Қайд этиш керакки, Тожикистон Афғонистондаги ҳарбий кескинликдан жиддий ҳавотирда. Душанбе айни вақтда Афғонистон билан чегара ҳудудида 2 гектардан ошиқ мадонда қочқинлар учун лагер қурмоқда.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 513
Рейтинг: 3
t
×