Россия Термиз полигонида ўз қўшинларини тўплашни бошлади (видео)

Жамият

image

Россия ҳарбий хизматчилари Афғонистон билан чегара яқинида август ойи бошида бўлиб ўтадиган қўшма машғулотларда иштирок этиш учун Ўзбекистондаги Термиз полигонида ўз қўшинларини тўплашни бошлади. Бу ҳақда Россия Марказий ҳарбий округи Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Афғонистон билан чегарадош ҳудуддаги Термиз полигонида Россия ва Ўзбекистон ўртасида ўтказиладиган қўшма машғулотларда 1500 дан зиёд ҳарбий хизматчи қатнашади.

“Марказий ҳарбий округининг тинчликпарвар кучлари бўлинмалари ва махсус мақсадли бригадалари Ўзбекистон Республикаси Сурхондарё вилоятида ўтказиладиган Россия ва Ўзбекистон қўшма машғулотларида иштирок этиш учун Термиз полигонида қўшинларни қайта йиғишни бошлади”, дейилади баёнотда.

Маълум қилинишича, Самара шаҳридаги “Курумоч” аэропортида ҳарбий хизматчилар Ил-76 ҳарбий транспорт самолётига қурол ва кийим-кечак юклаган, божхона процедураларидан ўтган ва Термиз шаҳрига учиб кетган.

Қайд этилишича, 30 июлдан 10 августгача ўтказиладиган амалий ҳаракатлар давомида ҳарбий хизматчилар Марказий Осиё минтақаси давлатларининг ҳудудий яхлитлигини таъминлаш бўйича жанговар тайёргарлик вазифаларини бажаради.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

287

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг