Сурхондарё “сариқ” ҳудудга киритилди
Жамият
−
06 Май 2020
9688Бугун, 6 майдан Ўзбекистонда ҳудудларни эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб гуруҳларга бўлиш бошланди. Сурхондарё мавжуд эпидемиологик вазият туфайли “сариқ”, яъни ўрта хавфли ҳудудга киритилди. Чунки вилоят бўйича 6 май кунига қадар 41 нафар шахс коронавирус инфекциясига чалингани аниқланган. Шу кунгача уларнинг 29 нафари касалликдан бутунлай соғайган. 12 нафари айни пайтда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда.
Даволаётганарнинг 6 нафари жорий йилнинг 28 март куни Москва – Термиз йўналишида чартер рейс билан келган фуқаролар, 3 нафари касалликка чалинган ушбу фуқароларга хизмат кўрсатиш жараёнида юқтириб олган воҳадошимиз, яна 3 нафари эса Россиядан транзит йўналишида вилоятга кириб келган юк машиналари ҳайдовчиларидир. Уларнинг аҳволи қониқарли, тиббиёт ходимлари томонидан халқаро стантдартлар асосида муолажалар олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида, Сурхондарё коронавирус инфекциясига чалинганлар кўрсаткичи бўйича республикада Тошкент шаҳри (668 нафар бемор), Бухоро вилояти (435), Хоразм вилояти (232), Наманган вилояти (230), Андижон вилояти (165), Фарғона вилояти (158), Самарқанд вилояти (140), Қорақалпоғистон Республикаси (109)дан кейинги тўққизинчи ўринда турибди.
Эслатиб ўтамиз, 5 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатдаги эпидемиологик ҳолатдан келиб чиқиб, карантин қоидалари босқичма-босқич юмшатилиши билдирилди. Шунингдек, вилоят, туманлар ва шаҳарлар “қизил” (юқори хавфли), “сариқ” (ўрта хавфли) ва “яшил” (хавфсиз) ҳудудларга ажратилиши белгиланди.
Ҳозиргача, Самарқанд ва Наманган вилоятлари “қизил” (юқори хавфли), Қашқадарё вилояти “яшил” (хавфсиз) ҳудуд этиб белгиланди.
LiveБарчаси