Сурхондарё камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантирилиши айтилди

Жамият

image

Сурхондарёда ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга жорий йилги давлат дастурларида кўзда тутилган 1,5 триллион сўмга қўшимча 465 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. Шунингдек, аграр соҳа, ичимлик суви ва тадбиркорлик лойиҳаларига қўшимча 328 миллион доллар жалб қилинади. Бу ҳақда бугун, 13 март куни Термиз шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида қайд этилди.

Ушбу ислоҳотлар орқали 325 минг аҳоли даромадли меҳнат билан таъминланиб, Сурхондарёни камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш мақсад қилиб қўйилди.

Йиғилишда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш энг асосий вазифа сифатида белгиланди. Маҳаллаларга оилавий тадбиркорликни олиб кириш ва касаначилик орқали 60 мингдан зиёд аҳолини, янги бизнес субъектлари ташкил қилиш орқали 4 минг аҳолини, ишсизларни замонавий касбларга ўқитиб 20 минг аҳоли бандлигини таъминлаш мумкинлиги қайд этилди.

Сурхондарёнинг иқлими деҳқончилик учун жуда қулай, маҳсулотлар эрта пишади. Шу боис вилоятда сўнгги беш йилда мева-сабзавот асосий экин майдонлари 2,5 баравар кўпайтирилган. Бу йил аҳоли учун яна 8 минг 500 гектар ажратилмоқда. Деҳқонларга шароит яратиб, сув таъминотини яхшилаб, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини 2 баравар ошириш ва экспортни 250 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Қайд этилишича, охирги беш йилда вилоят саноатига 30 триллион сўм инвестиция жалб қилиниб, 5 мингдан зиёд корхона ташкил топган. Ишлаб чиқариш 3 баравар кўпайиб, саноат экспорти 132 миллион долларга етган. Сурхондарёда илгари бўлмаган қурилиш материаллари, чарм-пойабзал, электр техникаси каби янги тармоқлар пайдо бўлган.

Шу билан бирга, вилоятда ҳали фойдаланилмаган конлар ва имкониятлар кўп. Жорий йилда 292 та саноат лойиҳаси ишга туширилиши белгиланди. Бу 10 мингта янги иш ўрни яратиш имконини беради. Шунингдек, саноатда импортни 50 миллион долларга қисқартириб, экспортни камида 250 миллион долларга етказиш бўйича кўрсатмалар берилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурхондарё ишсизлик камбағаллик ўзбекистон янгиликлари шавкат мирзиёев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг