Сурхондарё ҳокимининг таҳдидли видеоси тарқалди. Ҳокимлик бунга нима дейди?
Жамият
−
21 Июль 2023
20195Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовнинг Денов туманида ўтказилган йиғилишда фермерлардан бирини қамоққа олиш бўйича топшириқ бергани айтилган видео тарқалди.
Сиздирилган видеода вилоят ҳокимининг қуйидаги гаплари акс этган:
“Тупуриб қўйган ҳамма нарсага, виждонсиз. Денов ёниб кетмайди. Сенга ўхшаган бунақа боқибеғам инсонни умримда кўрмаганман. Ноинсоф. Ҳамманг бир-бирингга моссан. Кўр кўрни қоронғида топади. Ўлдириб, тамом қилдинг бу Деновни. Ҳамма тумандан орқада. Шарманда қилдинг. Ер остига кўмиб юбординг бу Деновни, итнинг кейинги оёғига айлантирдинг бу туманни... Бугун қамоққа оласан, ноинсоф”, дейди ҳоким.
Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлиги расмий муносабат билдирган.
Қайд этилишича, эълон қилинган видео материалда жорий йилнинг 4 июль куни Денов туманининг “Ҳазорбоғ” ҳудудида қишлоқ хўжалиги масалаларига бағишлаб соҳа мутасаддилари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилиш акс этган.
Унда вилоят ҳокими тумандаги айрим фермер хўжаликлари пахта далаларида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги, ажратилган ресурслардан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатларига йўл қўйилаётганини танқид қилган. Мутасаддиларга мавжуд ҳолатларни ўрганиш ва ноқонуний хатти-ҳаракатларга ҳуқуқий баҳо бериш топшириғи берилган.
“Йиғилишдан сўнг эса хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш айтилган фермер хўжаликлари раҳбарларига камчиликларини тўғирлаш учун имкон берилган ва мавжуд муаммолар қисқа муддатда бартараф этилган. Ҳеч қайси фермер хўжалиги раҳбари қамоққа олинмаган”, дейилади ҳокимлик муносабатида.
LiveБарчаси