“Сурхон” собиқ футболчиси клубнинг 4 нафар аъзоси томонидан калтаклангани айтилди (видео)
Спорт
−
18 Сентябрь 2021
11002Бугун, 18 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда “Сурхон” собиқ футболчиси, Жавохир Эсонкулов ўзининг калтаклангани юзасидан тегишли органларга мурожаат қилгани тўғрисидаги видео тарқалди.
Футболчининг сўзларига кўра, у ва Акром Хўжаевни Термиз клуби спорт директори Абдумажид Тоиров ва унинг ўғли, жамоа мураббийи ҳамда жамоа сардори Асрор Ғофуров биргаликда дўппослаган.
Шундан сўнг, “Сурхон” футболчилари ўртасида тарқалган видео бўйича клуб расмий муносабат билдирди:
“Бундан бир неча дақиқа олдин “Сурхон” клуби собиқ футболчиси Жавохир Эсонкулов калтаклангани юзасидан тегишли органларга мурожаат қилгани тўғрисида ижтимоий тармоқларга видео жойлаштирибди. Ушбу лавҳада келтирилишича, гуёки футболчини клуб аъзолари калтаклашган”.
Клуб телеграм каналида маълум қилинишича, воқелик қуйидаги кетма-кетликда содир бўлган:
1. “Сурхон” клуби ва собиқ футболчи Жавоҳир Эсонкулов билан тузилган меҳнат шартномаси жорий йилнинг 21 июль куни ҳар иккала томоннинг ўзаро келишувига кўра бекор қилинган ва футболчи клубдан ҳеч қандай молиявий эътирози йўқлиги ҳақидаги расмий хужжатга қўл қўйиб, тасдиқлаб берган. Шундан сўнг, футболчи ЎзПФЛ рўйхатидан чиқарилган;
2. Собиқ футболчи шартнома бекор қилинган бўлса-да, клуб офисига доимий ташриф буюриб, яна қўшимча пуллар талаб қила бошлаган;
3. Собиқ футболчилар Жавоҳир Эсонкулов ва Акром Хўжаевлар ўзаро тил бириктириб, клуб офиси эшиги ёнида клуб раҳбари номига нисбатан қўпол сўзлар билан унинг шахсини камситган;
4. Клубдаги бу вазиятлардан хабар топган жамоа сардори Асрор Ғофуров вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида ҳар иккала футболчини клуб офисига олиб келган ва ушбу сўзларни нега ёзганлиги бўйича изоҳ сўраган. Дастлаб, футболчилар ушбу сўзларни улар ёзмаганликларини айтишган лекин уларнинг ҳар бир ҳаракати клуб офисида ўрнатилган кузатув камераларида ёзиб олинган;
5. Жамоа сардори Асрор Ғофуров футболчиларга шу жамоада ўйнаб, шу жамоанинг нонини еб, тузлигига тупурмаслик кераклигини тушунтирган ва ўртада зиддият пайдо бўлган. Иккала футболчи бир-бирлари билан муштлашиб кетишган.
6. Клуб спорт директори А.Тоиров ва клуб биринчи вице Президенти А.Абдураҳмонов ҳар иккала футболчини ажратган ва уларни яраштириб қўйган.
“Собиқ футболчиларга эса Ўзбекистонда қонун устувор эканлиги, ҳар бир фуқаро давлат химоясидалиги, унинг шахси камситилишига йўл қўйилмаслигини эслатиб ўтмоқчимиз”, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, Эсонқулов ва Хўжаев клуб вице-президентидан ёзма равишда узр сўраган ва айбига иқрор бўлган.
Маълумот учун, Жавоҳир Эсонқулов фаолиятини Бекободнинг “Металлург” клубида бошлаган. Бундан ташқари, у “Бунёдкор”, “Қўқон-1912”, “Насаф” жамоаларида ҳам ўйнаган. 2021 йилда эса “Сурхон”га ўтган. Жамоа сафида 5 та ўйинда майдонга тушган. Жорий йилнинг 21 июль куни футболчининг сурхондарёликлар билан шартномаси бекор қилинган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь