“Сурхон” футбол клубининг тўрт йиллик фаолияти бўйича молиявий текширув ўтказилмоқда
Спорт
−
06 Февраль 2023
8039“Сурхон” футбол клубининг 2019-2022 йилги молиявий фаолияти Давлат молиявий назорати томонидан ўрганилмоқда. Бу ҳақда Сурхондарё футбол ассоциацияси вице-президенти Санжар Шомуродов QALAMPIR.UZ'га айтиб ўтди.
Маълум бўлишича, Санжар Шомуродов аудит текиширув ишларига аралашмаган.
Ўтган йиллар давомида бюджет томонидан клубга ажратилган маблағлар мақсадсиз сарфланган. “Сурхон” футбол клубида ЎзПФЛ рўйхатидан ўтказилган келишувлардан ташқари қўшимча шартномалар имзоланган.
9 январь куни “Сурхон” футбол клубини янги инвесторлар сотиб олгани маълум бўлганди. Айни вақтда клубда аудит текширув ўтказилмоқда ва клуб ноль қийматда янги инвесторларга топширилиши бўйича ишлар амалга ошириляпти.
“Клуб билан шартнома имзолаб, ЎзПФЛ рўйхатидан ўтмаган футболчилар номи текширилмоқда. Шунингдек, бу ҳолатлар қайси раҳбарият бошқарувида содир бўлгани ҳам аниқланяпти. Тез орада уларнинг номи ошкор қилинади”, дейди Сурхондарё футбол ассоциацияси вице-президенти.
Қайд этилишича, ЎзПФЛ сўнгги уч йил давомида “Сурхон” футбол клуби билан боғлиқ молиявий ҳолат қониқарли эмаслигини таъкидлаб келган, лекин клубда молиявий ҳолатни назоратга олиш бўйича ҳеч қандай ўзгариш кузатилмаган.
Шунингдек, Санжар Шомуродов ўтган йилни ўз стадионида ўтказа олмаган клубнинг уй аренасидаги таъмирлаш ишлари ҳақида маълумот берди.
“Ҳозир янги инвесторлар стадион реконтрукциясини ўз қўлига олган. Трибуна, прожектор ва майдон янгиланмоқда. Клуб мавсумнинг иккинчи даврасини ўз стадионида ўтказиши мумкин”, дейди Шомуродов.
LiveБарчаси