Сурияни ҳам эгаллаймиз!
Бизнес
−
09:36 1549 2 дақиқа
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан маҳаллий тадбиркорлар янги савдо нуқталарини эгалламоқда. Аввал Ироқ, сўнг Бирлашган Араб Амирликлари, эндиликда эса навбат Сурияга келди.
Жорий йилнинг 11–16 февраль кунлари Ўзбекистонга Сурия Савдо-саноат палаталари федерацияси аъзолари ташриф буюрди. Мазкур учрашувлар, халқ тилида айтганда, “олинг қуда – беринг қуда”, яъни савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган.
Аслида, Сурия делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи ўз-ўзидан бўлмаган, балки 2025 йил 28 декабрь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобовнинг Сурияга амалга оширган ташрифи давомида эришилган келишувларнинг натижаси десак муболаға бўлмайди.
Делегация таркибининг ўзиёқ ташрифнинг салмоқли эканлигини кўрсатади. Бу ерда оддий тадбиркорлар эмас балки Сурия бозоридаги йирик сипоҳлар, яъни иқтисодиёт ва саноат вазири ўринбосари, бир қанча ҳудудий савдо-саноат палаталари раҳбарлари ва аъзолари иштирок этди.
Кунинг биринчи қисми меҳмонлар учун саноат корхоналари билан танишиш ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сифатини ўрганишдан бошланди.
“Биз тадбиркорлар сифатида мамлакатингиздан юртимизга импортни рағбатлантиришни, ўзаро алоқа ва ҳамкорлик орқали бу йўналишни янада ривожлантиришни истаймиз. Сиз биласиз, савдогар учун алоқалар ва йўллар муҳим. Биз бу ташрифни савдогарларни рағбатлантирадиган бир канал деб ҳисоблаймиз, шунда ҳар ким ўз соҳасида фаол бўлиб, ўртамизда кучли алоқалар шаклланади”, дейди тадбиркор
Суриянинг импорт ҳажми таркибида озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб юқорилигини инобатга олсак, делегация аъзоларининг эътиборини кўпроқ Ўзбекистондаги ширинлик ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компаниялар тортди. Бу ерда делегация вакиллари шунчаки компания номлари ёки брендлар билан танишибгина қолмай, балки маҳсулотларнинг сифати, таъми ва ўзига хослигига бевосита гувоҳ бўлишди.
“Сурияда стратегик жойлашувга эгамиз, яъни Туркия, Ироқ ва умуман Кўрфаз минтақаси, хусусан Саудия Арабистони ўртасида жойлашганмиз. Шу боис товарлар ҳаракати ва тарқатилиши учун Сурия муҳим старт нуқтаси ҳисобланади”, дейди тадбиркор
Сўнгги манзил сифатида қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи бир нечта компаниялар кўргазмаси танланди. У ерда тадбиркорлар ойналар ишлаб чиқариш жараёнидан тортиб, тайёр қурилиш ва хўжалик маҳсулотлари билан танишиш имконига эга бўлдилар.
Хуллас, делегация аъзоларининг ташрифи Ўзбекистон билан шунчаки учрашув эмас, балки мулоқотдан ҳақиқий ҳамкорликка, келишувлардан эса аниқ лойиҳаларга ўтаётган жараёнинг намойиши бўлди.
Telegram | Instagram | Facebook | Telegram | Instagram | Facebook
Live
Барчаси