Суриядаги вазият бўйича музокаралар Доҳада бўлиб ўтиши мумкин

Олам

image

Россия, Эрон, Туркия ва Қатарнинг юқори мартабали вакиллари жорий йилнинг 7-8 декабрь кунлари Қатар пойтахти Доҳада бўлиб ўтадиган форумда Суриядаги вазият бўйича учрашув ўтказиши мумкин. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи маълум қилди.

“Келгуси ҳафта Доҳада Қатар, Эрон, Туркия ва Россия иштирокида Суриядаги вазиятни муҳокама қилиш учун учрашув бўлиб ўтиши мумкин”, деган у.

Маълум қилинишича, Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан ҳам “Остона формати”ни тиклаш ва яқин келажакда Туркия, Россия ва Эрон томонидан Суриядаги вазиятни ҳал қилиш мақсадида вазирлар даражасида учрашув ўтказиш режалари ҳақида хабар берган. Унинг қўшимча қилишича, ушбу мавзу Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан суҳбатда муҳокама қилинган.

Маълумот учун, 2011 йилдан бери Сурияда қуролли можаро давом этмоқда. “Остона формати” деб номланувчи Остона музокаралари 2017 йилдан бери ишлаб келмоқда. Ушбу давр мобайнида 21 учрашув бўлиб ўтган. “Остона формати”га Россия, Эрон ва Туркия Сурия инқирозини ҳал қилиш жараёнининг кафил давлатлари сифатида, шунингдек, Сурия ҳукумати ва мухолифат вакиллари, БМТ ва кузатувчи мамлакатлар Иордания, Ливан ва Ироқ киради. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон томони ташаббуси билан Россия Президенти Владимир Путин ва Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтганди. Томонлар Сурия қонуний ҳукумати томонидан конституциявий тартибни тиклаш ва мамлакат ҳудудий яхлитлигини сақлашга қаратилган ҳаракатларни мутлақ қўллаб-қувватлашини билдирганди. Бундан ташқари, Президентлар Туркия иштирокидаги “Остона формати” (Суриядаги муаммолар бўйича музокаралар жараёни) доирасида саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришнинг муҳимлигини таъкидлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Доҳа Остона

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг