Суриядаги террорчилар сафида жанг қилган йигит Ўзбекистонга қайтарилди
3-саҳифа
−
23 Февраль
8980Ўзбекистонда Суриядаги террористик ташкилот сафида бўлган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 2000 йилда Жиззах вилоятида туғилган шахс интернет орқали Суриядаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террористик ташкилоти аъзоси билан танишиб, уларнинг сафига бориб қўшилишни мақсад қилади.
Сўнгра виртуал танишининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг эътиборига тушмаслик бўйича берган кўрсатмалари асосида, 2023 йилнинг июнь ойида авиачиптани айнан учиб кетиш куни қиммат нархда бўлишига қарамай, сотиб олиб, Истанбул шаҳрига жўнаб кетади.
Туркия орқали Сурияга ўтган жиззахлик йигит “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террористик ташкилоти аъзолари сафида ғоявий ҳамда ҳарбий тайёргарликдан ўтади. Аммо, Сурия ҳукумати кучлари томонидан амалга оширилган ҳарбий амалиётлар натижасида жиддий жароҳат олади.
Соғлиги тикланганидан кейин, у террористик ташкилотнинг хўжалик ишларига жалб этилади. Йигит 2023 йилнинг декабрь ойида даволаниш учун яширин йўллар билан Суриядан қўшни давлатга ўтган вақтида қўлга олингач, Ўзбекистонга олиб келинди.
Ҳозирда унга нисбатан Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Жиноят Кодексининг 155-2-(террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш, чиқиш ёки ҳаракатланиш) ва 244-2-(диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси Туркия орқали Сурия давлатига ўтиб жанговар ҳаракатларда қатнашган фуқаро Исломиддин Мухиддин ўғли Қодиралиевни қидирувга берганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь