Суриядаги АҚШ ҳарбий базаси ўққа тутилди

Олам

image

Суриянинг Дайр-аз-Зор вилоятида АҚШ ҳарбий базасига ракеталар билан ҳужум қилинди. Бу ҳақда “Al Mayadeen” телеканали хабар берди.

Маҳаллий манбаларга кўра, Фурот дарёсининг ғарбий соҳилидаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланган гуруҳлар Америка қўшинлари жойлашган Конико газ заводидаги базани ракета билан ўққа тутган. Америка ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари 2 та ракетани нишонга етмасидан олдин йўқ қилган. Яна бир ракета база яқинига қулаган.

Бунга жавобан, базада жойлашган Америка қўшинлари Фурот дарёсининг ғарбий соҳилидаги Хашшам шаҳрида Эрон томонидан қўллаб-қувватланган гуруҳлар позицияларига ракета ҳужуми уюштирди.

АҚШ ҳозирча бу ҳужум юзасидан баёнот бергани йўқ.

Йил бошидан бери Американинг Хасака ва Дайр-аз-Зордаги ҳарбий базалари тез-тез ракета ҳужумларига учрамоқда ва келиб чиқиши номаълум камикадзе дронлари томонидан ҳужумлар уюштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 4 январь куни “Ҳизбуллоҳ ал-Нужаба” ҳаракати қўмондонларидан бири Абу Тақва Бағдодда Америка учувчисиз учоқларининг зарбаси оқибатида ҳалок бўлган, яна камида олти киши яраланган эди. Тақва ҳаракатнинг 12-бригадасини бошқарган ва айни пайтда Ироқ милицияси “Ал-Ҳашд аш-Шаби”нинг тарафдори эди. 2023 йилнинг 26 декабрида АҚШ Марказий қўмондонлиги Ироқ ва Суриядаги коалиция кучларига қарши ҳужумларга жавобан Ироқ ҳудудидаги “Катаиб Ҳизбуллоҳ” нишонларига ҳужум қилганини эълон қилди. Ўшанда Ироқ ҳукумати АҚШнинг республикадаги нишонларга зарбаларини мамлакат суверенитетини бузувчи душманлик ҳаракати сифатида баҳолади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Сурия ҳарбий база

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг