Сурияда террорчилар назорати остидаги ҳудудларга ҳам ёрдам жўнатилади
Олам
−
14 Февраль 2023
4673Сурия Президенти Башар Асад мамлакатнинг зилзиладан жабр кўрган барча ҳудудларига, жумладан, террорчилар назорати остидаги ҳудудларига инсонпарварлик ёрдами жўнатилишини маълум қилди. Бу ҳақда Президентнинг БМТдаги элчиси Бассам Саббаг маълум қилди.
“Президент Асад Суриянинг барча ҳудудлари, жумладан, қуролли террористик гуруҳлар ишғоли ва назорати остидаги ҳудудларга зудлик билан инсонпарварлик ёрдами зарурлигини яна бир бор тасдиқлади”, дейди Саббаг.
Маълумот учун, Сурияда зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар ҳақида турли чалғитувчи маълумотлар мавжуд. Ҳукумат назорати остидаги SANA агентлиги маълумотларига кўра, Ҳалаб, Латакия, Ҳама ва Тартус ҳудудларида 1414 киши ҳалок бўлган, 2349 киши жароҳатланган. “Анадолу” эса зилзила қурбонлари сони 3 688, жароҳатланганлар 14 749 нафарга етганини ёзмоқда.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти эса зилзилада аллақачон 8,5 минг киши қурбон бўлгани, жароҳатланганлар 10 мингга яқинлигини маълум қилди.
Туркиядаги вайронкор зилзила Суриядан ташқари Ливан, Шимолий Кипр Турк Республикаси, Кипр Республикаси ва Ироқда ҳам сезилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли эпимаркази Туркиянинг Қаҳрамошмараш шаҳри бўлган даҳшатли зилзила оқибатлари фонида Суриядан Туркияга қочқинлар ёпирилгани тўғрисидаги хабарларни рад этганди.
LiveБарчаси