Сурия элчихоналарида янги байроқ осилмоқда
Олам
−
09 Декабрь
6839Сурияда Башар Асад режими ағдарилгандан сўнг республиканинг чет давлатларидаги дипломатик ваколатхоналарида давлат байроғи ўзгартирилмоқда.
Германия пойтахти Берлиндаги Сурия элчихонаси биносидаги давлат байроғи қизил ўрнига яшил чизиқли янгисига алмаштирилди. Айни пайтда элчихона веб-сайтида қизил чизиқли давлат байроғи тасвиридан фойдаланилган, “Президент” бўлимида эса Башар Асаднинг сурати жойлаштирилганлигича қолмоқда.
Парижнинг 7-округидаги республика элчихонаси биносидаги Сурия давлат байроғи ҳам қизил ўрнига яшил чизиқли янгисига алмаштирилди.
Элчихона веб-сайти бугун, 9 декабрь куни эрталаб қизил чизиқли давлат байроғидан фойдаланган ва унинг ёнида республиканинг собиқ президенти Башар Асаднинг сурати чоп этилган эди. Тахминан соат 12:00 да унинг портрети ғойиб бўлди ва саҳифанинг юқори қисмида аввалгисидан икки баравар каттароқ янги байроқ тасвири пайдо бўлди.
Шунингдек, дипломатик миссия веб-сайтида Сурия Ташқи ишлар вазирлиги номидан мамлакатда “тарихнинг янги саҳифаси ёзилаётгани” айтилган хабар чоп этилди. Унда Республика Ташқи ишлар вазирлиги ва унинг дипломатик ваколатхоналари хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлашда давом этиши таъкидланган.
Минскдаги элчихона биносидаги байроқ устунидан Сурия давлат байроғи олиб ташланди. Ҳозирча элчихона ҳудудидаги байроқ устуни бўш. Суриянинг Минскдаги элчихонаси ҳудудида вазият тинч.
Шу куни Сурия элчихонаси Москвадаги ўз биноси устига мухолифат байроғини ўрнатди. Шунингдек, янги байроқ аллақачон Суриянинг Испания, Саудия Арабистони ва Грециядаги элчихоналари биноларига осиб қўйилган.
Маълумот учун, Суриянинг олдинги давлат байроғи учта чизиқдан иборат – қизил, оқ ва қора – ўртада иккита юлдуз. Янги байроқда учта горизонтал чизиқ мавжуд: яшил, оқ ва қора. Ўртада – оқ чизиқда учта беш қиррали қизил юлдуз бор. У дастлаб 1932 йилдан 1958 йилгача Сурия Республикаси ва 1961 йилдан 1963 йилгача Сурия Араб Республикаси томонидан ишлатилган. 2011 йилдан буён Сурия мухолифат кучлари томонидан фойдаланилмоқда.
LiveБарчаси