Энди ўзбеклар Сурияга боришдан тийиладими?

Интервью

Жорий йилнинг 8 декабрь куни Сурияда Асад режими тугатилгандан сўнг мазкур воқеа бутун дунёда ва Ўзбекистонда катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Зеро, мамлакатда диктатурага барҳам берилиши ва ниҳоят Сурия осмонида ҳам тинчлик ҳукмрон бўлишидан далолат эди. Аммо кўп ўтмай, айни пайтда янги ҳукумат бўлиши кутилаётган “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” ва бошқа гуруҳлар ўртасида зиддиятлар келиб чиқа бошлади. Мамлакатда конституция ва парламент фаолияти тўхтатилди. 

Бундан фойдаланган Исроил эса Дамашқни бомбардимон қилди. Сурия тинчийдими ўзи? “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” ташкилоти қандай ташкилот? Унинг мақсади ва муддаоси нима? Сурияликлар ёмғирдан қочиб, дўлга тутилмадими? Сурия ва унинг атрофида бўлаётган энг сўнгги воқеаларни шарҳлаш учун QALAMPIR.UZ шарқшунос, сиёсатшунос Фарҳод Каримов билан суҳбатлашди.

–  Келинг, биринчи бўлиб Сурияда янги ҳукумат бўлиши кутилаётган “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳи ҳақида гаплашсак. Бу ўзи қандай гуруҳ? Фаолияти нимадан иборат ва энг муҳими, мақсади нима? 

– Жуда ҳам кўп халқаро ташкилотлар, ҳаттоки минтақа давлатлари томонидан ҳам унинг хатти-ҳаракатлари, мақсадлари ва ҳозиргача амалга оширган ишларидан келиб чиққан ҳолда бу гуруҳ террорчи ташкилот сифатида рўйхатга киритилган. Унинг раҳбари Жўлоний ёш ҳали. Ҳали жуда ҳам кўп ишларни кўрсата олгани йўқ. Лекин шу ташкилотнинг ичида ўзига хос бир машҳурликка эга бўлган шахслардан бири.

Ўша 2011 йилда минтақада Араб баҳори бошланиб кетганда энг охирги аянчли нуқтаси билан тугаган жой бу Сурия бўлди. Сурия Араб баҳоридан кейин фуқаролар урушига уланиб кетди. 2015-2016 йилларда жуда ҳам катта фуқаролар уруши бошланиб кетди. Суриядаги барча қандайдир гуруҳларни ташкил этиб, бу урушга қўшилиб кетди ва ҳар бир ҳудудда ўзига хос бир ҳокимиятлар ташкил этилди. Сепаратизм ҳам қўшилиб кетди, миллий, этник, диний радикал ва ҳоказо кучлар ўз ҳудудини ўз назоратига олиб, шу марказий ҳокимиятга – Башар Асад ҳокимиятига қарши чиқишларини маълум қилди. Башар Асад ҳукуматини сақлаб қолиш учун ҳамкор давлатларга мурожаат қилди ва мустақил сиёсат юритолмай қолди. Масалан, унинг ҳокимиятини сақлаб қолган Россия бор эди. 

Россиянинг, албатта, ундан кейинги талаблари бўлади, Эроннинг ўзига хос талаблари бўлади ва АҚШ билан ҳам келишишга тўғри келди. Бир томондан, Сурия ва Исроил ўртасидаги муносабатлар ҳам бор. Мана шу мураккаб шароитда 2016 йилда ҳарбий ҳаракатлар охиригача етказилди. 2020 йилда Туркия ва Россия ўртасида ўзига хос бир сулҳ имзоланди, яъни мана шундай ҳолатда ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилди. Шундан кейин, 2020 йилдан кейин 2024 йилгача Башар Асад қайтарилган ҳудудларнинг ҳокимиятини амалга ошириб келди. Лекин ижтимоий ҳолат яхшиланмади, жуда катта муаммолар келиб чиқди. Иш жойлари, инфраструктура қайта тикланмади, жиноятчилик авж олиб кетди. Наркотик савдоси ҳам авж олиб кетди. Қонуний ва одам савдоси авж олган. Бундан ташқари, Асад ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш учун жуда катта репрессиялар бошланди. Катта-катта қамоқхоналарда одамлар тўлиб кетди. Ҳали 20 йилдан кейин ҳам маҳбуслар чиқмайди, унинг отаси даврида қамалганлар ҳам, уларнинг оилалари ва авлодлари билан ҳибсга олинганлар қийноқларга солинган. Яъни бу сиёсий репрессиялар ва ижтимоий ҳолатнинг яхшиланмаганлиги Асаднинг легитимлигини пасайтирди.

Яъни аҳоли Асадга ишонмай қўйди ва ўша даврда ИШИД ташкилоти ҳали ҳам фаол эди. У асосан ИШИД билан Ироқда фаолият юритган “Ал-Қоида” ҳам кейинчалик мана шу Сурияда ўз ҳаракатларини илгари суриш учун ўз вакилини жўнатди. Шу ташкилотга ҳозир биз айтган Жўлоний раҳбар этиб белгиланди. Раҳбар белгилангандан кейин ўзи ҳар хил тарафдорларини йиғди, ташқаридан ҳам алоқаларни тиклади. Унинг ўша тайинлаганлар билан ҳамкорлик қилган “Ал-Қоида” гуруҳи билан кейинчалик муносабатлари бузилади. Ҳатто ўша пайтда ИШИДнинг етакчиси бўлган Боғдодий билан яқин муносабатда бўлган Жўлоний кейинчалик бу муносабатларни узади.

Суриянинг Идлиб шаҳрини эгаллаб, шаҳарда жойлашади. Жойлашгандан кейин минтақанинг бошқа давлатлари билан Сурияга қўшни давлатлар билан муносабатларни тиклайди. Шундан кейин, қўллаб-қувватлаш асосида мана тўрт йил давомида Идлиб атрофида унинг ўша минтақадаги бошқа душманлари бўлган ёки унга қарши чиққан ҳаракатларни ҳам бирлаштиради. 

Бир қатор ҳаракатлар бирлашиб, фақат “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” ҳаракати эмас, у ерда уни қўллаб-қувватловчилар ҳам бор ва улар Идлибда йиғилади. Кейинчалик, у ўзига хос бир кучга эга бўлади. Бу ёқда Эрон ва Исроил ўртасидаги муносабат муаммо бўлса, ундан ташқари Исроилнинг Фаластинда, Ғазода қилган ишлари ва Украинада бошланган урушлар минтақада Башар Асадни қўллаб-қувватлаган асосий субъектларни бошқа муаммолар билан банд бўлиб қолишига олиб келди. Россиянинг ўзига хос муаммолари – унга муҳимроқ бўлган Украина масаласи бор. Эрон эса ўзининг ҳудудий яхлитлигини ва хавфсизлигини таъминлаш учун анча-мунча бошқа масалалар билан овора бўлиб қолган пайтда Асад ҳокимиятини қўллаб-қувватлайдиган кучлар анча сустлашади.

Биламиз, геосиёсатда бирор нуқтада бўшлиқ ҳосил бўлмайди, кимдир келади доим, ва яна у ерда шунча кўп қўйилмайди. Шу вазиятдан фойдаланиб “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” Асадга қарши юришини эълон қилади. Саккизинчи декабрь куни Идлибдан, Дамашқдан муҳим бўлган Ҳалаб шаҳрига юриш қилади. Ҳалабнинг муҳимлиги шундаки, ундан Туркияга ўтадиган ва Ғарбга ўтадиган асосий автомобиль транспорт йўлагининг ўрнидир. Ҳамма маҳсулотлар ва товарлар ўша жой орқали ўтади, шунинг учун ҳам жуда муҳим эди ва кўп аҳоли яшайди. Агар бу аҳолини қўллаб-қувватловини қўлга киритадиган бўлса, Дамашққа юриш осон бўлади. Ҳалаб шаҳрини деярли қаршиликсиз қўлга олишга муваффақ бўлади, чунки аҳоли ҳам Асад ҳокимиятидан чарчаган ва қайсидир маънода янги куч келса, ҳаёт ўзгарадими деб умид қилди.

Интервьюнинг тўлиқ шаклини QALAMPIR.UZ’нинг YouTube каналида томоша қилинг.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг