Сурия армияси СДК назоратидаги ҳудудларни эгаллади
Олам
−
19 Январь 3466 5 дақиқа
17 январь куни Суриянинг муваққат ҳукумати қўшинлари Сурия Демократик кучлари (СДК) назоратида бўлган, мамлакат шимоли-шарқидаги бир қатор ҳудудлар ва муҳим объектларни эгаллади. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Reuters” агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ўтиш даври аскарлари Алеппо шаҳридан шарқда жойлашган, илгари курд қуролли тузилмалари назоратида бўлган ҳудудларга кириб борган ва уларни эгаллаган.
Ҳукумат қўшинлари Алепподан тахминан 50 километр узоқликда жойлашган Дайр-Ҳафир шаҳрига кираверишда кўринган.
16 январь куни Сурия демократик кучлари Фурот дарёсининг шарқий соҳилига чекинишини эълон қилган эди. Бунга АҚШ вакиллари билан ўтказилган музокаралар ҳамда ўтиш даври президенти Аҳмад аш-Шаранинг курд тилига давлат тили мақомини бериш ҳақидаги ваъдаси сабаб бўлган. Ўтган ҳафта Сурия Демократик кучлари ва ҳукумат қўшинлари ўртасида тўқнашувлар юз бергач, АҚШ вазиятга аралашган эди.
Сурия давлат ахборот агентлиги SANA Сурия армияси Дайр-Ҳафир шаҳри устидан “тўлиқ ҳарбий назорат” ўрнатилганини маълум қилган. Бу Фуротнинг ғарбий қисмидаги ҳудудларни мустаҳкамлаш бўйича ўтказилган операция доирасида амалга оширилган.
Фуқаролар ҳудуд миналар ва бошқа жанговар ҳаракатлар оқибатларидан тўлиқ тозаланмагунча у ерга бормасликка чақирилган. Ҳозирда ушбу ҳудудларда бўлиб турган аҳолига эса эвакуация қилиш тавсия этилган. Сурия ҳукумати маълумотларига кўра, камида 4 минг киши ҳақиқатдан ҳам мазкур ҳудудни тарк этган.
АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган СДК етакчиси Мазлум Абди дўст давлатлар ва воситачиларнинг чақириқларига жавобан Сурия демократик кучларини Фурот дарёсининг шарқидаги қайта жойлаштириш ҳудудларига олиб чиқишга рози бўлганини маълум қилган.
Қўшинларни олиб чиқиш бошланишидан бир кун олдин, муваққат президент аш-Шараа курд тилига давлат тили мақомини бериш ҳамда Наврўзни давлат байрами сифатида эълон қилиш ҳақидаги фармонни имзолаган.
Ушбу фармон Сурия 1946 йилда мустақилликка эришганидан бери курд халқининг ҳуқуқларини биринчи марта расмий тан олиш бўлган. Ҳужжатда курдлар Суриянинг энг муҳим ва ажралмас қисми экани қайд этилган, ҳолбуки аввалги тузумлар даврида улар ўнлаб йиллар давомида камситилиб келган.
Бироқ, Суриянинг шимолий ва шимоли-шарқий ҳудудларини назорат қилаётган СДК автономияси билан марказий ҳокимият ўртасидаги келишмовчиликлар ҳануз сақланиб қолмоқда. Аш-Шаранинг фармонига жавобан курд раҳбарияти бу ҳужжатни фақат биринчи қадам деб атаган ва вақтинчалик фармон халқ иродасини ифода этувчи доимий конституция билан мустаҳкамланиши кераклигини таъкидлаган.
Ҳар икки томон бир-бирини келишув шартларини бузишда айбламоқда. Сурия армияси СДК икки нафар ҳарбийни ўлдирганини даъво қилса, Сурия демократик кучлари ҳукумат қўшинлари келишувга зид равишда позицияларга муддатидан аввал кириб келганини билдирмоқда.
Суриянинг шимоли ва шимоли-шарқий ҳудудлари нефть захираларига бой ҳисобланади. Курд кучлари ушбу ҳудудлар устидан назоратни фуқаролар уруши ҳамда ИШИДга қарши кураш йилларида ўрнатган эди.
2024 йил декабрь ойида Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг янги президент Аш-Шара Сурия Демократик кучлари қуролли тузилмалари ва бошқарув органларини Сурия давлат тузилмаларига интеграция қилиш ниятини билдирган. 2025 йил март ойида Сурия Демократик кучлари ва ўтиш даври ҳукумати ўртасида тегишли келишув имзоланган эди. Бироқ, орадан қарийб бир йил ўтганига қарамай, бу келишув ҳануз тўлиқ бажарилмаган ва томонлар ўзаро бир-бирини келишувни бузишда айблашда давом этмоқда.
Бугун, 19 январь куни тарқалга хабарларга кўра, Сурия муваққат ҳукумати курдлар бошчилигидаги Сурия демократик кучлари билан бутун мамлакат бўйлаб дарҳол ўт очишни тўхтатиш келишувига эришилганини эълон қилган ва шу орқали мамлакат устидан деярли тўлиқ назоратни қўлга олган.
Мазкур сулҳ деярли икки ҳафта давом этган жангларга якун ясайди ҳамда 14 банддан иборат кенгроқ келишувнинг бир қисми ҳисобланади. Ушбу келишув Сурия демократик кучларини Сурия армияси ва давлат институтларига интеграция қилишни назарда тутади.
Дамашқда нутқ сўзлаган Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара келишув мамлакат давлат институтларига учта шарқий ва шимолий вилоятлар – Ҳасака, Дайр-аз-Зор ва Раққа устидан назоратни қайта тиклаш имконини беришини маълум қилди.
Бу баёнот аш-Шаранинг Дамашқда АҚШнинг Сурия бўйича махсус вакили Том Баррак билан учрашувидан сўнг эълон қилинди. Баррак келишувни ягона Сурия сари ташланган қадам сифатида юқори баҳолаган.
Кутилишича, Сурия демократик кучлари қўмондони Мазлум Абди ҳам ушбу учрашувда иштирок этиши керак эди, бироқ унинг ташрифи қолдирилган. Аш-Шара ва Абди томонидан имзоланган келишувга мувофиқ, Сурия ҳукумати фуқаролик муассасалари, чегара ўтиш пунктлари ҳамда нефть-газ конларини бошқаришни ўз зиммасига олади.
Сурия демократик кучларининг ҳарбий хизматчилари ва хавфсизлик ходимлари Сурия мудофаа ва ички ишлар вазирликлари таркибига киритилади, Дамашқ эса қамоқхоналар ва ҳибс лагерлари учун масъулиятни ўз зиммасига олади. Мазкур лагерларда ИШИД гуруҳи таркибида бўлган ўн минглаб хорижий жангчилар ҳамда уларнинг оила аъзолари сақланмоқда.
Маълумот учун, Сурия демократик кучлари 2015 йилда, Сурия фуқаролар уруши давом этаётган бир пайтда ташкил этилган. 2011 йилдан бошлаб Сурияда уруш авж олгач, ҳукумат қўшинлари мамлакатнинг шимолий ва шимоли-шарқий ҳудудларидан чиқиб кетди. Бу ҳудудларда асосан курд аҳолиси яшар эди. Бўш қолган ҳудудларга ИШИД каби экстремистик гуруҳлар кириб келиши хавфи кучайгач, маҳаллий аҳоли ўзини ҳимоя қилиш учун қуролли тузилмалар тузишга мажбур бўлди. Ана шу жараён натижасида турли гуруҳларни бирлаштирган Сурия демократик кучлари (СДК) пайдо бўлди. СДК фақат курдлардан иборат тузилма эмас. У коалицион ҳарбий куч бўлиб, таркибига курдлар билан бирга араблар, ассирийлар ва бошқа маҳаллий этник гуруҳлар ҳам киради. Шунга қарамай, унинг асосий таянчини курдларнинг YPG (Халқни ҳимоя қилиш отрядлари) ва YPJ (аёллар ҳарбий отрядлари) ташкил этади. Шу сабабли СДК кўпинча курдлар бошчилигидаги коалиция деб аталади.
СДКнинг расмий мақсади ИШИД ва бошқа радикал гуруҳларга қарши курашиш, Сурия шимоли ва шарқидаги ҳудудларда хавфсизликни таъминлаш ҳамда маҳаллий аҳолининг ўзини ўзи бошқариш тизимини сақлаб қолишдан иборат бўлган. Улар назорат қилган ҳудудлар “Шимолий ва Шарқий Сурия автоном маъмурияти”, деб аталади. Бироқ, Сурия марказий ҳукумати бу тузилмани мустақил ҳарбий куч сифатида қабул қилмайди ва СДКни мамлакат қуролли кучлари таркибига қўшишни талаб қилиб келади. АҚШ эса минтақада ИШИДга қарши курашни давом эттириш учун СДК билан ҳамкорликни муҳим деб ҳисоблайди. Туркия, АҚШ ва курд кучлари ўртасидаги энг мураккаб сиёсий зиддиятлардан бири бўлиб қолмоқда.
Live
БарчасиҚашқадарё ва Самарқандда дўл ёғди
13 Февраль