Сурхондарёда уч кишига пулни қалбакилаштиргани учун суд ҳукми ўқилди. Пуллар Тошкентда ишлаб чиқарилган
Жамият
−
28 Февраль 2019
7246Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман судида Сурхондарёда қалбаки пул ўтказишга уринганларга нисбатан ҳукм ўқилди. Суднинг жорий йил 30 январдаги ҳукми билан Ш.Н., Ч.Б. ва Д.У. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 176-моддаси 2-қисми “в” банди билан, яъни қалбаки пул ўтказганлиги учун айбдор деб топилди.
Сурхондарёлик уч нафар шахс – Ш.Н., Ч.Б. ва Д.У. ўзаро олдиндан жиноий тил бириктириб, ўтказиш мақсадида ясалган 50 минг сўмлик купюрадаги қалбаки пулларни Сурхондарё вилояти ҳудудидаги бозорлар, савдо объектлари ва бошқа жойларда ўтказиш мақсадини кўзлайди.
Улар 2018 йил 13 сентябрь куни, соат тахминан 10:30 ларда Қизириқ тумани “Обод юрт” маҳалласида жойлашган мол бозорида Д.П.дан бир бош сигирни 5 миллион сўмлик купюрадаги қалбаки пул эвазига сотиб оладилар. Д.П.да шубҳа уйғотганлиги сабабли, бу ҳақида ИИБга ходимларига мурожаат қилган ва қонунбузарлар қўлга олинган.
Судда аниқланган ҳолатларга кўра, ушбу пул маблағлари Тошкент вилоятида ишлаб чиқарилган (бу ҳолат юзасидан алоҳида жиноят иши мавжуд).
Суд судланувчиларга нисбатан жазо тайинлашда содир этган жиноятининг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини ҳисобга олган ҳолда ҳукм чиқарди.
Жиноят иши бўйича ашёвий далил сифатида эътироф этилган 184 дона 50 минг сўмлик қалбаки купюралар йўқ қилиниши белгиланди.
LiveБарчаси