Судда гаплашамиз! – Давлетов Тошкент вилоятидаги 781 гектар ер масаласида охиригача бормоқчи

Жамият

Бир неча кун аввал Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 23-ялпи мажлисида ҳисобот берган Адлия вазири Русланбек Давлетов 2021 йилнинг октябрь ойида Тошкент вилоятидаги 781 гектар ер майдони вилоят ҳокимлиги қарори билан МЧЖлардан бирига танловсиз, шундоқ бериб юборилгани ҳақида айтган эди. Орадан кўп ўтмай, Тошкент вилояти ҳокимлиги вазирнинг гапларига эътироз билдириб, 781 гектар ер майдони Ҳукумат қарорлари асосида ажратилганини айтиб чиқди. Шундан сўнг, Адлия вазирлиги миқ этмади. Хўш, бу масалада қайси фактларга ишониш керак: вазир Давлетовнинг айтганларигами ёки Тошкент вилояти ҳокимлигининг?

Ушбу мавзу кеча, 7 февраль куни Адлия вазири Русланбек Давлетов билан ўтказилган матбуот анжуманида яна муҳокама қилинди.

QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова айни вақтда судда кўрилаётган 781 гектар ер масаласида вазирга юзланди

“Адлия вазирлиги ва ҳокимлик иш судда кўрилаётганини айтди. Суд давом этаётган ҳолатда буни Сенатдан туриб гапириш қанчалик тўғри?”, дея сўради журналист.

“Бу ерда гап қишлоқ хўжалиги ерлари тўғрисида кетяпти. Қишлоқ хўжалиги ерлари аукционга чиқарилмайди, танловга чиқарилиши керак. Бу қарор қабул қилинган вақтда танловга чиқариш механизмлари бўлмаган. Лекин ерни тўғридан тўғри ажратишни тўхтатиш тўғрисида бевосита Президент фармонида ёзилган бўлган. Тўғри, механизмлар йўқ, лекин ерлар берилмасин дейилган. Бу ерда “Бу объектив ҳолат, биз бириктириб бердик”, деган гапни айтишяпти. Мен қайсидир шахс билан боғлаб айтмаяпман. Лекин фармон нуқтаи назаридан, биз ҳуқуқшунос сифатида ўз позициямизни айтишимиз керак. Кимга ишониш ёки ишонмаслик ҳақида гапирсак, оқ ва қора дейиш жуда осон. 700 йил олдин оқ ва қора деган бўлиши мумкин. Лекин ҳозир ранг-баранглик жуда кўп. Дарров бир жойга тамға босиб, оқ ёки қора дейиш эмас, балки позицияларни тўғри таҳлил қилиш ва айтилаётган асосларга қараш керак”, дейди Давлетов.

Давлетовга кўра, вазирлик томонидан тақдимнома берилган, аммо у бажарилмаган. У шунинг учун иш судга оширилганини айтиб, бунга асос сифатида Президент фармонидан фойдаланилганини урғулади.

“Биз Президент фармонида тақиқ қўйилган ва ҳеч қандай истисно йўқ, деяпмиз. Лекин “Ерга вақтинча бириктирилиб, ўша ердан фойдаланиб қолайлик”, дейиш тўғрисида ҳам “Асос йўқ”, деяпмиз. Чунки бизнинг манбамиз Президент фармони, қонундан кейин турувчи энг катта қонуности ҳужжати ҳисобланади. Тақдимнома бердик, бажарилмади. Бизнинг тақдимномани бажариш шарт эмас, лекин кўриб чиқиш шарт. Судга бердик, судда кўриб чиқилади”, дейди у.

Шу ўринда, QALAMPIR.UZ журналисти Адлия вазиридан “Иш судда кўриб чиқилса, уни муҳокама қилиш мумкинми?, деб сўради.    

“Албатта, муҳокама қилаверасиз. Сабаби, биз буни вазирлик сифатида бердик. Ўзимизни позициямизни эълон қилдик. Суд очиқ тарзда бўлади. Биз ҳеч қандай тазйиқ ўтказаётганимиз йўқ. Республикада Тошкент вилоятидан ташқари 150 та ҳолатда ерни тўғридан тўғри бериш ҳолатлари бор. Биз сизларга ҳаммасини беришимиз мумкин. 2022 йилга келиб, 2021 йилнинг охирида ер қарорлари чиққанидан кейин, бу жараён тугади”, дейди вазир.

Тошкент вилоятидаги ер масаласида бўлаётган муҳокамаларга Тошкент вилояти ҳокимияти томонидан муносабат билдирилди. Адлия Вазирлиги ҳокимият қолиб, QALAMPIR.UZ’да эълон қилинган хабарга эътибор қаратди. Лекин ҳокимликнинг “ерни тўғри ажратганмиз”, деган иддаоларига жавоб қила олмади. Нега? Вазир ушбу саволга қуйидагича жавоб қайтарди:   

“Мен шахсан ҳокимиятнинг жавобини кўрмадим. Лекин сизнинг ҳам эркинлигингиз бор. Бемалол ўзингизни талқинингизча, кўзга кўринган ҳолатлар бўйича беришингиз мумкин. Биз сиз нотўғри қилдингиз, демадик. Бор гапни айтяпсиз, ҳаммасига иқтибос келтиряпсиз. Бу оддий жараён”, дейди Давлетов.

Журналист халқ вазирликка ишониши, аммо ҳозир ҳокимият вакили Адлияга қарши  гапираётганини таъкидлаб, Русланбек Давлетовдан ҳолат тафсилотларини очиқлашни сўради.

“Гапираверсин. Шунинг учун ҳам судда гаплашамиз. Ҳамманинг ўз позицияси бор. Биласизми, ҳақиқатан жуда қийин концепцияки, кўп давлатлар ҳақиқатнинг орқасидан қувмайди. Асос ва исботнинг орқасидан қувади. Сиз ўзингизнинг ишингизни асослаб, исботлаб берсангиз, ютиб чиқасиз. Жуда кўп ҳолатда ҳақиқатга эришиш қийин. Шунинг учун ҳам адвокатлар кучайиб, ўзининг соҳасини исботлаб берса, ўшанда шундай бўлади. Ишлаймиз. Биз ҳам камчиликдан ҳоли ташкилот эмасмиз. Ҳеч ким идеал даражага етиб келгани йўқ. Етиб келганимизда, бундай ривожланиш даражаси бўлмас эди. Анча кучайган бўлар эдик”, дейди вазир.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳолат октябрь ойида содир бўлгани, ўша вақтда вилоятда Даврон Ҳидоятов ҳоким лавозимида ишлагани, 2021 йилнинг 18 ноябрь куни Зойир Мирзаев ҳокимликка тайинлангани, вазирнинг ер танловсиз бериб юборилиши ҳақидаги фикри Зойир Мирзаев раҳбарлик қилиб келаётган давр билан тушунилмаслиги кераклигини ҳисобга олиб, QALAMPIR.UZ’да “Ҳидоятов даврида 781 гектар ер Президент фармонига хилоф равишда бериб юборилгани айтилди” номли хабар эълон қилинган эди.

Шундан сўнг, Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳам расмий муносабат бериб, Адлия вазирлиги келтирган “иддао”ларга зид маълумотларни эълон қилди. 

Адлия вазирлиги Матбуот котиби Севара Ўринбоева томонидан эълон қилинган баёнотда эса болтанинг ўзи қолиб, сопига эътибор қаратилган. Яъни Ўринбоева вилоят ҳокимлигининг 781 гектар Ҳукумат амалдаги қарорларига риоя қилинган ҳолда ажратилгани ҳақидаги расмий муносабатини четга суриб, QALAMPIR.UZ’да эълон қилинган мақола ва ушбу мақолада Даврон Ҳидоятов номи тилга олинганига эътироз билдирган. Ҳолбуки, вилоят ҳокимлиги вазирнинг айтганларини ўз расмий муносабати билан йўққа чиқарган.

QALAMPIR.UZ шуни такрор ва такрор эслатадики, эълон қилинган “Ҳидоятов даврида 781 гектар ер Президент фармонига хилоф равишда бериб юборилгани айтилди” номли хабарда келтирилган қарорни собиқ ҳоким Даврон Ҳидоятов томонидан қабул қилингани ҳақида умуман сўз бормаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Адлия вазирлиги 781 гектар Ҳидоятов

Баҳолаганлар

48

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг