Камералар жаримасидан “дод” деган 103 ҳайдовчининг суди бўлди
Жамият
−
11 Январь 2023
29057Суд йўллардаги қоидабузарликлар учун жарима баённомаларини олаётгани айтиб видеомурожаат қилган тез ёрдам ҳайдовчиларидан бирига огоҳлантириш берди. Бу ҳақда суд мажлисида қатнашган QALAMPIR.UZ мухбири Феруза Нажмиддинова хабар берди.
Ҳолат юзасидан Учтепа тумани ИИБда олиб борилган терговга қадар суриштирувлар асосида иш ҳужжатлари судга тақдим этилган. ИИБ тақдим этган тергов ҳужжатлари асосида бугун, 11 январь куни, Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида суд мажлиси бўлиб ўтди.
Унга кўра, тез ёрдам ҳайдовчиси Миразиз Самиқов ва Махсуслаштирилган автохўжалиги механиги Дилшод Қосимов Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик), 202-2-моддаси (ёлғон ахборот тарқатиш) билан ҳуқуқбузар деб топилган.
Жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани судининг 2023 йил 11 январдаги қарори билан Дилшод Қосимов (Махсуслаштирилган автохўжалиги механиги)нинг ҳаракатларида МЖтКнинг 183-моддаси ва 202-2-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар аломатлари йўқлиги сабабли унга нисбатан юритилган маъмурий иш МЖтКнинг 271-моддаси 1-бандига асосан ҳаракатдан тугатилди.
Мурожаатни видеотасвирга олган тез ёрдам ҳайдовчиси Миразиз Самиқовнинг ҳаракатларида МЖтКнинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари йўқлиги сабабли ишнинг шу қисми МЖтКнинг 27-1-моддаси (маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни истисно этувчи ҳолатлар) 1-бандига асосан ҳаракатдан тугатилди.
Ҳайдовчи Миразиз Самиқов МЖтКнинг 202-2-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, у МЖтКнинг 21-моддаси (ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги сабабли маъмурий жавобгарликдан озод қилиш)га асосан маъмурий жавобгарликдан озод этилди ва огоҳлантирилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 январь куни Тошкентда тез ёрдам ҳайдовчилари қоидабузарликлар учун жарима баённомалари келаётгани сабаб видеомурожаат билан чиққан эди. Улар чақирув бўйича ҳаракатланган вақтларида тезликни ошириш, “полоса”ни босиш, қизил чироқда ўтиб кетганлик учун жаримага тортилганларини айтишган.
Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги қўшма баёнот берди.
Унда қайд этилишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 17-1-моддасига кўра, тезкор ва махсус хизматларнинг транспортлари, шунингдек улар кузатиб келаётган транспортлар томонидан йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ имтиёздан фойдаланган ҳолда содир этилган ҳуқуқбузарликлар автоматлаштирилган техникалар орқали аниқланганда ҳамда кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар кўрсатилганда ҳайдовчиларнинг қоидабузарлиги охирги зарурат ҳолатларида содир этилган деб топилади.
Мазкур ҳужжатнинг 271-моддасига кўра, шахс ҳаракатни охирги зарурат ҳолатида қилган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас. Бошланган иш эса тугатилиши белгиланган.
9 январь куни 9 нафар тез ёрдам ҳайдовчилари ва Махсуслаштирилган автокорхона (103 автомобиллари гаражи)нинг 3 нафари ходими Учтепа тумани ички ишлар бўлимига олиб кетилган, ҳайдовчиларнинг 8 нафари қўйиб юборилиб, мурожаатни видео тасвирга олган Миразиз Самигов Учтепа туман ИИБда олиб қолинган.
Тошкент шаҳар ИИБ ҳолатга изоҳ бериб, Учтепа тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилаётганини маълум қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь